БААда исроиллик раввиннинг ўлдирилишида айбланган уч ўзбекистонлик ўлимга ҳукм қилинди
Турли манбаларнинг хабар беришича, Бирлашган Араб Амирликларида (БАА) исроиллик раввиннинг ўлдирилишида айбланган уч нафар ватандошимиз ўлим жазосига ҳукм қилинди.
Маълумотларга кўра, Дубай суди 28 ёшли Олимбой Давлатёров, Маҳмуджон Кенжабоев ва 33 ёшли Азизбек Исмоиловни Молдова ва Исроил фуқароси ҳамда Абу-Дабидаги "Хобод" яҳудий диний ҳаракати раввини бўлган Зви Коганнинг ўлимида айбдор деб топган.
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ҳукумати ушбу уч нафар ватандошимизнинг тақдирига бефарқ қараб, уларнинг ҳимоясидан воз кечгани ҳақидаги маълумотлар сиздирилмоқда. Бундай гап-сўзларга Ўзбекистоннинг БААдаги элчихонаси вакиллари ёки ташқи ишлар вазирлигимиз ҳали-ҳануз ўз муносабатини билдирмаган.
Маҳаллий нашрларнинг маълум қилишича, мазкур ҳолат бўйича барча тергов ва суд жараёнлари тўлиқ БАА хавфсизлик хизматлари назоратига топширилган.
Шунингдек, баъзи манбалар ватандошларимиздан бирининг онаси билан телефон орқали суҳбати акс этган аудиоёзувни эълон қилди. Суҳбат давомида у ўзининг ўлимга ҳукм қилинганини айтиб, онаси билан видолашган.