19.06.2025 10:34
42
Америкаликлар Ғарб ОАВ ларига ортиқ ишонмайди
АҚШ фуқаролари дунёда бўлаётган воқеалардан хабардор бўлиш учун кўпроқ подкастчилар ёки чатботларга мурожаат қилмоқда.
Трамп инаугурациясидан кейин ҳар беш америкаликдан бири янгиликларни телевидение ёки янгилик сайтларидан эмас, балки подкастчилардан олган. Бу сунъий идрок ва ижтимоий медиа тобора оммалашиб бораётганидан дарак беради.
Reuters институтининг ҳисоботида келтирилишича, америкаликлар воқеалар ҳақида анъанавий ахборот воситаларидан кўра ижтимоий медиа, видео платформалар ва подкастлардан маълумот изламоқда. Тарихда биринчи марта аксар америкаликлар ўз янгиликларини телевизор ёки янгилик сайтлари ҳамда иловалар орқали эмас, балки ижтимоий тармоқлардан олишини айтган.
Бу, айниқса, ёшлар орасида кўп кузатилган: 35 ёшгаçа бўлган америкаликларнинг ярмидан кўпи ижтимоий тармоқлар улар учун асосий янгиликлар манбаи эканини маълум қилган.
48 штатдан 100 мингга яқин одам иштирок этган сўровнома натижасига кўра, январь ойида Трамп инаугурациясидан кейинги бир ҳафта ичида ҳар бешинчи америкалик подкастчи Жо Роганнинг янгиликлари ёки шарҳларини кузатган. Сўровномада иштирок этган 14 фоиз америкаликлар Такер Карлсонни тинглашини айтган. Шунингдек, машҳур сиёсий шарҳловчилар рўйхатида Кандас Оуэнс, Бэн Шапиро ва чап қанот блоггерлар Дэвид Пакман ва Брайан Тайлер Коэн ҳам бор.
Америкаликларнинг 70% дан ортиғи ўзининг янгиликларда ҳақиқатни ёлғондан ажрата олиш қобилиятига шубҳа билдирган.
Сунъий интеллект ҳам америкаликлар ҳаётида тобора муҳим роль ўйнамоқда. Сўровда қатнашган 25 ёшгача бўлганларнинг 15 фоизи ҳар ҳафта янгиликлар олиш учун сунъий интеллект ботларидан фойдаланишини тан олган.
Хулоса қилиб айтганда АҚШда анъанавий оммавий ахборот воситаларига бўлган ишонч пасайиб боряпти: уларнинг аудиторияси қариб, ёшлар тобора кўпроқ YouTube, Х (собиқ твиттер) ва подкастларни танлашмоқда.