10.06.2024 08:34

ҲАМАС Исроил армияси 3 нафар исроиллик асирни ўлдирганини маълум қилди

Шанба куни Ғазо сектори марказидаги Нусайрат қочқинлар лагерида Исроил армияси томонидан АҚШнинг “Дельта” махсус қўшинлари бошчилигида Британия разведкаси кўмагида ўтказилган “асирларни озод қилиш операцияси” чоғида ҲАМАС қўлидаги уч асир ҳалок бўлди. Бу ҳақда ҲАМАС ўзининг Телеграм-каналида хабар қилди.

Баёнотга кўра, ҳалок бўлганлар орасида АҚШ фуқароси ҳам бор.

Ҳаракат Исроил қамоқхоналаридаги фаластинлик маҳбусларни озод қилмагунча, исроиллик маҳбуслар озод қилинмаслигини таъкидлади.

Исроил армияси аввалроқ Ғазо секторининг икки ҳудудида ўтказилган «операция» натижасида тўрт нафар исроиллик маҳбус озод этилганини эълон қилган эди.

Исроил армиясининг бир кун аввал ҳарбий самолёт ва артиллерия ёрдамида Нусайрат қочқинлар лагерига уюштирган йирик ҳужуми қурбонлари сони 274 кишига етди, 698 дан ортиқ киши жароҳат олди. Бу ҳақда 9 июнь, якшанба куни Фаластиннинг Ғазо секторидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Исроилнинг Ғазо секторида 2023 йил 7 октябрдан бери давом этган тажовузи натижасида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 37 минг 84 нафарга етди, яна 83 минг 309 нафари яраланди. Бу ҳақда аввалроқ Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилган.

Исроил ҳужумлари қурбонлари орасида 15 517 бола ва 10 279 аёл бор. Анклавнинг 84 494 нафар аҳолиси жароҳатланган.

Вазирлик маълумотларига кўра, ҳалок бўлганларнинг жасадлари ҳамон вайрон бўлган бинолар вайроналари остида ва йўл четларида қолмоқда. Тез ёрдам ва фуқаро мудофаа гуруҳлари Исроил кучларининг тўсиқлари туфайли уларга етиб бора олмаяпти.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.