АҚШда сўнгги 100 йилдаги “энг кучли”си бўлиши тахмин қилинган «Милтон» тўфони Флорида штатининг ғарбий соҳилига урилди. PowerOutage сайти маълумотларига кўра, табиий офат оқибатиди 2,6 миллионга яқин одам электр энергиясидан маҳрум бўлди.

“Милтон” Флорида соҳилига урилганидан кейин заифлашди ва АҚШ Миллий тўфон маркази маълумотларига кўра, ҳозирда 1-тоифали довул сифатида таснифланган.

Тампа ва Сент-Питерсберг шаҳарчалари аҳолисига “ўта хавфли бўронли шамоллар” минтақа бўйлаб ҳаракатланаётгани сабабли зудлик билан хавфсиз жойга кўчиш тавсия қилинмоқда. Ушбу ҳудудларда қисқа муддатда 400 мм ёғингарчилик ёғди. Маълумот учун, Лондон шаҳрига йил бўйи 600 мм ёмғир ёғади.

Жумладан, Сент-Питерсбергда сув қувурлари шикастланган, ичимлик суви таъминоти йўқ. Кучли шамол ва ёмғир таъсирида кран қулаб тушиб, уйлар ва биноларга зарар етказган.

Сент-Люси округи шерифи Кейт Пиерсон довул оқибатида қурбон бўлганлар ҳақида маълум қилди, бироқ тафсилотларни келтирмади. Матбуот энг камида 2 нафар қурбонлар борлигини маълум қилди.

“Милтон” тўфони

Аввалроқ Миллий об-ҳаво хизмати (NWS) Флорида қирғоқларига яқинлашиб келаётган «Милтон» тўфони сўнгги 100 йилдаги “энг кучли” бўлиши мумкинлигини маълум қилганди.

АҚШ президенти Жо Байден ҳукумат «Милтон» тўфони учун зарур тайёргарлик кўрганини билдирди. Оқ уй раҳбари “Милтон” аср довулига айланиши мумкинлигини таъкидлади. Милтон штатда 227 кишининг ҳаётига зомин бўлган «Хелен» тўфонидан кўп ўтмай Флоридага урилди.

Мавзуга алоқадор