26.12.2023 17:06

1831 йилдан буён давом этаётган тортишув: Британия Гайанага ҳарбий кемаларини юборди

Британия Венесуэла билан можарода қўллаб-қувватлаш мақсадида айни пайтда Кариб денгизида ҳавзасида бўлиб турган Қироллик денгиз флотининг HMS Trent ҳарбий кемасини собиқ мустамлакаси Гайанага юборди.

Британия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби журналистларга кеманинг ой охиригача Гайанага етиб боришини қайд этди.

"HMS Trent шу ой охирида минтақадаги бир қатор келишувларнинг бир бўлаги сифатида Атлантика патруль хизмати доирасида минтақавий иттифоқдоши ва Ҳамдўстлик аъзоси Гайанага боради", - деди у.

HMS Trent кемаси декабрь ойи бошидан буён Кариб денгизида гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашиш мақсадида минтақада патруль фаолиятини олиб бормоқда.

Эссекибо баҳси

Гайана-Эссеқибо – Эссекибо дарёси ғарбида 159,5 минг кв км майдонда жойлашган ҳудуд бўлиб,  Венесуэла ва Гайана ўртасидаги унга эгалик қилиш учун можаро 100 йилдан ортиқ вақтдан буён давом этмоқда. У Гайананинг учдан икки қисмидан кўпроғини ташкил қилади ва мамлакатнинг 800 мингдан сал кўпроқ қисмини ташкил этувчи аҳолининг 283 минг нафари ушбу ҳудудда яшайди. Минтақа асосан ўтиб бўлмайдиган чангалзорлардан иборат, аммо нефть, олтин ва миснинг катта захираларига эга.

Тортишувлар 1831 йилда, Венесуэла суверен давлатга айланганидан кейин бошланган. Ҳудуд Британия назорати остида эди ва Венесуэла ҳукумати бу ерларга ўз даъволари учун курашади. 1880 йилларда Эссекибода олтин топилганидан сўнг Венесуэла ва Буюк Британия ўртасидаги можаролар кучаяди.

Гайана Британия мустамлакаси бўлган даврда, 1899 йилги чегара арбитраж қарорига кўра, Эссекибо дарёси Гайананинг ғарбий чегараси сифатида белгиланган.

Ҳудудий низолар 1960-йилларда кун тартибига қайтди. Венесуэла расмийлари 1899 йилги қарорни процессуал хатолар туфайли «яроқсиз» деб эълон қилди. 1966 йилда Гайана Буюк Британиядан мустақилликка эришди ҳамда ҳудудий низони тинч йўл билан ҳал қилиш учун Британия ва Венесуэла билан Женева битимини имзолади.

Орадан ўнлаб йиллар ўтган бўлса ҳам, давлатлар ўртасидаги зиддиятли вазиятдан чиқиш йўлини топганича йўқ. 2018 йилда Гайана муаммони узил-кесил ҳал қилиш учун Халқаро судга мурожаат қилди. БМТ Халқаро суди Гайананинг Венесуэлага қарши 1899 йилдаги қарор асосида чегарани демаркация қилиш бўйича даъвосини мақбул деб топди.

Бироқ Каракас можаро Халқаро суд юрисдикциясига кирмайди, деб ҳисоблайди ва Женева келишувларига мувофиқ Гайана билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш орқали чегараларни демаркация қилишни талаб қилади.

Ушбу келишмовчиликлар фонида минтақадаги вазият 2015 йилда камида 10 млрд баррель нефть бўлган нефть конларининг топилиши ва Гайана уларни ExxonMobile компаниясига бергани сабабли кескинлашди. ExxonMobile аллақачон Stabroek блокининг 26,8 минг квадрат метр майдонга эга учинчи конида (Паяра) нефть қазиб олиш бошланганини эълон қилди. Бу ушбу блокда нефть қазиб олишни 2024 йилда кунига 620 минг баррелга, 2027 йилда эса 1,2 миллион баррелгача ошириш имконини беради.

2023 йил 3 декабрда Венесуэлада Гайана-Эссекибо ҳудудига эгалик қилиш масаласи бўйича референдум бўлиб ўтди. Расмий маълумотларга кўра, референдумда қатнашган венесуэлаликларнинг мутлақ кўпчилиги (тахминан 95%) қўшни давлат ҳудудининг бир қисмини аннекция қилишни ёқлаб овоз берган. Венесуэла президенти Николас Мадуро минтақани амлакатнинг 24-вилояти деб эълон қилди ва Венесуэланинг янги хариталарини чиқаришни буюрди.

Шунингдек, у ҳудудда қазиб олувчи компанияларга фаолиятини тўхтатиш ёки Венесуэла ҳукумати билан ҳисоб-китоб қилиш учун уч ой муддат берди.

2023 йил 6 декабрда Венесуэла қўшинларни сафарбар қилиш ва Ғарбий Гайана аннекцияси бошланганини эълон қилди. Шу куни Гайана мудофаа кучларининг Bell 412 вертолёти Венесуэла билан чегара яқинида ҳалокатга учради. 2023 йил 7 декабрда Гайана ҳукумати вертолёт қулаши натижасида 5 киши (жумладан, бригада генерали) ҳалок бўлгани ва яна 2 киши жароҳатланганини эълон қилди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.