28.05.2025 14:00
124

Исломда қурбонлик

Қурбонлик шаръан “махсус ҳайвонни қурбат нияти билан махсус вақтда сўйиш” маъносини англатади.

Ушбу ибодат закот ва иккала ҳайит намози билан бирга ҳижрий иккинчи йилда жорий қилиниб, Қуръон, суннат ва ижмо билан собит бўлган.

Қуръонда бу тўғрида нима дейилган?

Аллоҳ таоло Кавсар сурасининг иккинчи оятида “Бас, Роббингга  намоз ўқи ва жонлиқ сўй”, деб марҳамат қилади. Яна бир оятда “ва туяларни сиз учун Аллоҳнинг шиорларидан (яъни, диннинг аломатларидан) қилдик”, дейилади, (Ҳаж сураси, 36 оят).

Набавий суннатда бу тўғрида нима дейилган?

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Одам боласи қурбонлик куни қон оқитишдан кўра Аллоҳга севимлироқ бирор бир амал қилолмайди. Қурбонлик қилинган ҳайвон қиёмат куни шохлари, туёқлари ва юнглари билан келади. Унинг қони ерга тушиб улгурмасидан Аллоҳнинг наздида қабул бўлади. Шундай экан, у билан кўнглингизни хуш тутинглар”, (Ҳоким, Ибн Можа ва Термизий ривоят қилишган).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўйларнинг энг яхшиси ва шохдоридан иккитасини сўйдилар. У зотнинг икки оёқларини қурбонлик ҳайвоннинг бўйнига қўйиб турганларини кўрдим. У зот басмала айтиб, такбир келтирар эдилар. Сўнг иккала қурбонни ҳам ўз қўллари билан сўйдилар”, Имом Аҳмад ва бир гуруҳ муҳаддислар ривоят қилишган).

Мусулмонлар қурбонликнинг шаръий ибодат эканлигига ижмо қилишган. Ҳадислар ҳам ушбу амалнинг қурбонлик куни Аллоҳ таоло учун энг севимли амал эканига далолат қилади.

Қолаверса, қурбонлик қилиш Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатларидан саналади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Соффат сурасининг 107 оятида шундай дейди: “унинг ўрнига буюк қурбонлик фидо қилдик”.

Қурбонлик қилишнинг шаръий ибодат ҳолига келтирилишининг ҳикмати: ушбу амал Аллоҳнинг бир қанча неъматлари учун ва инсоннинг бир йилдан кейинги йилга эсон-омон етиб олишининг шукри саналади. Бу амал шариатга зид равишда қўл урилган ишлар ва буйруқларда камчиликларга йўл қўйишдан иборат гуноҳларга каффорот бўлади. Қолаверса, қурбонлик қилувчи ва бошқаларнинг рўзғорида кенгчиликни юзага келтиради.

Қурбонлик қилиш ҳайвоннинг пулини, қийматини садақа қилиш билан адо этилган ҳисобланмайди. Фитр садақасида камбағалларнинг эҳтиёжини қондириш мақсадида шундай йўл тутиш мумкин бўлса-да, қурбонликда мумкин эмас. Бу борада Имом Аҳмад ҳам қурбонлик қилиш унинг пулини, қийматини садақа қилишдан афзал эканини айтганлар.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.