06.05.2025 10:02
114

“Мусулмон аёлнинг пардоз китоби" – Аёл кишининг зийнатланиши борасидаги умумий меъёрлар

Гўзалликка интилиш, чиройли кўринишга уришиш ва бунинг учун зийнатланиб, пардоз-андоз қилиш аёллар фитратига жойланган. Аммо ҳар бир ишда бўлганидек, бу борада ҳам динимизнинг кўрсатмалари, йўл-йўриқлари бор. Ислом илмларини олий даргоҳларда эгаллаган, кўп йиллардан бери диний соҳада хизмат қилаётган синглингиз Макнуна бу борадаги маълумотларни тўплаб, саралади ва Сиз учун “Мусулмон аёлнинг пардоз китоби"ни ҳозирлади. 7-қисм – Аёл кишининг зийнатланиши борасидаги умумий меъёрлар.

***
Шаръий далил бўладиган оят ва ҳадислардан аёллар учун  маълум меъёрлар асосида зийнатланишнинг жоизлиги ҳақида билиб олдик. Бу оятларда аёлнинг Аллоҳ ва Расулига  қай даражада ихлос ила итоатда бўлишини синаш бор. Бундан ташқари, аёл хулқининг бузилишига сабаб бўладиган ҳар қандай сабабларнинг олдини олиш мақсадида мубоҳ ва мубоҳ бўлмаган зийнат шакллари ажратиб қўйилган. Шариат аёлнинг табиатидан келиб чиққан ҳолда унинг Исломда нақадар эътиборда эканини билдириб, пардоз-андоз ва зийнатланишига рухсат бериш билан бирга, бу борада аёл риоя қилиши вожиб бўлган шаръий қоидаларни ҳам белгилаб қўйган. Қуйида уларни баён қиламиз.

1. Аёлнинг пардози ортида кишини алдаб қўядиган сохталик ва кўзбўямачилик бўлмаслиги шарт.

Аёл киши пардоз қилганида юзининг хусусиятлари ва табиий кўринишини тубдан ўзгартириб, ёшини аслига нисбатан кичик қилиб кўрсатишидан сақланиши лозим. Бунга сабаб – унга уйланмоқчи бўлган киши назар солиб, асл ёшини билолмай алданиб қолмаслигидир. Агар ушбу қоидага амал қилмай, юқоридаги каби пардозланган бўлса, бу фирибгарлик ва алдов ҳисобланади ҳамда аёл тезда бу ишни тарк этиши лозим бўлади. Акс ҳолда, унинг қилмиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким бизга фириб берса, биздан эмас”, деган ҳадислари остига кириб қолиши мумкин. 

Бу аёл ороланишдан қайтарилган, дегани эмас. Аёл ороланишда кўркам либослар кийиши, пардоз сувларидан фойдаланиши,  сурма ва турли косметик воситалардан фойдаланиши унинг ҳақларидан биридир.

Аммо аёл ўз эри учун ҳаддан зиёда зийнатланиши ва ёш кўринишга ҳаракат қилишида зарар йўқ. Чунки бунда фириб ва алдов бўлмай, унинг асл ҳоли эрига  маълум бўлади. Билакс, унинг бу иши мустаҳаб ҳисобланди. 

2. Унинг пардози ҳаддан зиёда ва исрофга олиб бормаслиги лозим. 

Ислом ҳар бир ҳолат ва ҳар нарсада ўрта йўлни тутган диндир. Хусусан, зийнат борасида ҳам. Агар ороланиш исроф ва ҳаддан ошишга етса, у асло шаръий ҳисобланмайди.

Аллоҳ таоло Қуръонда: “Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг”, (Аъроф сураси 31-оят) дея марҳамат қилган. Гарчи зийнатланиш аслида мубоҳ амал ҳисобланса-да, ушбу ҳолатда моддий зарар ва пулнинг эгасига фойдасиз ишга ортиқча пул сарф этиб жабр қилиб қўйиш бор.

Бундан ташқари, ҳаддан зиёд пардоз қилганда вақтнинг кўп кетиши, бегона назарларни жалб қилиши, Аллоҳ таоло яратган табиий кўринишга мутлақ ўзгартириш киритиш каби ишлар ҳам борлиги бунга сабаб бўлади. 

Шундан келиб чиққан ҳолда, унга одатий турмуш тарзида фойдаланадиган пардозда мўтадил бўлиш, жамиятдаги бошқа муслималарнинг урфига амал қилиш  лозим бўлади.

3. Пардозда аслий хилқат тузилишга ўзгартириш бўлмаслиги лозим.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло “Нисо” сурасида инсонни шайтоннинг  найрангларидан огоҳлантириб:
“Уларни адаштираман, хом хаёлларга соламан, уларга амр қилсам, чорваларнинг қулоқларини кесарлар ва уларга амр қилсам, Аллоҳнинг яратганини ўзгартирарлар , деди. Кимки Аллоҳни қўйиб, шайтонни тутса, батаҳқиқ, очиқ-ойдин зиёнга учрайдир”, дея марҳамат қилади

Алқама Ибм Масъуд розияллоҳу анҳунинг: “Аллоҳ таоло вашм (татиуровка) қилувчиларни, қош ва юз тукларини юлувчи, Аллоҳ яратган тузилишни ҳусн учун ўзгартириб, тишларнинг орасини очувчиларни лаънатлади”, деганларини ривоят қилган.

Вақтлар ўтиб, аёллар сочларини кесиб, қошлари устига тушириб қўядиган бўлдилар, замонасига қараб қош ва юзлар тукини юлишни ривожлантирдилар. Бу ишлар баъзи ҳолларда Аллоҳ таоло яратган тузилишга ўзгартириш киритиб, чирой бериш ўрнига аслий ҳолатни яна ҳам хунуклаштириб  қўяди. 

Яна баъзи тоифа аёллар ҳам борки, улар ўз сочларини қалин қилиб кўрсатиш мақсадида бошқаларнинг сочини улаб оладилар, тишлари орасини махсус эговлар воситасида очадилар. Бу иш билан гўё ёш ва гўзал кўринаман, деган хаёлга борадилар. Бу ишларнинг барчаси ҳаром. Аллоҳ таоло бундан қатъий қайтарган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни қилган кимсани лаънатлаб, Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишини айтганлар. Чунки буларнинг барчасида аввало Аллоҳнинг яратганига ўзгартириш киритиш бўлса, бошқа томондан алдов, фириб ва кўзбўямачилик бордир.

4. Аёлнинг пардози ўзига аниқ зарар келтирмаслиги, тана аъзоларидан бирининг бузилиши ва фитна қўзғалишига сабаб бўлмаслиги лозим.

Агар пардозланиш ушбу ишлардан бирига сабаб бўлса, унинг оқибатида фитна келиб чиқиб, номаҳрамларнинг ҳаваслари қўзғаладиган бўлса, бундай пардоз асло шаръий  ҳисобланмайди. Косметик воситалар таркибидаги инсон танасига зарар келтирадиган кимёвий моддалар сабаб турли хил тери касалликларига сабаб бўлса, у ҳам шаръан рухсат этилган ороланишга кирмайди. Бугунги кунда асримиз аёллари ишлатаётган пардоз воситалари аксарият ҳолларда уларга зарар бераётгани ва охири аёлга яхши бўлмаслиги ўз исботини топмоқда.

5. Пардоз воситалари нопок моддалардан тайёрланмаган ва  ҳаром йўл билан олинмаган бўлиши лозим.  

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Албатта, Аллоҳ ва Унинг Расули  хамр, ўлимтик, тўнғиз ва санамларни сотишни  ҳаром қилди”, дедилар. Шунда: “Эй  Аллоҳнинг пайғамбари, ҳаром ўлган ҳайвон ёғидан кема ва териларга ишлов беришда ҳамда чироқ ўрнида фойдаланилади-ку?”, дейилди. У  зот: “Уни сотманглар, уни сотиш ҳаром. Яҳудийларни Аллоҳ лаънатлади. Чунки Аллоҳ уларга ҳаром ўлган ҳайвон ёғини ейишни ҳаром этганда, улар уни эритиб олиб сотдилар ва пулини едилар”, дедилар”.

Агар косметик восита нопок модда аралаштирилиб ёки айнан ўша нопок нарсанинг ўзидан тайёрланган бўлса, у ҳаромдир.  Ўйлаб кўринг, агар ҳаром билан кемаларни ёғлаш мумкин бўлмас экан, қандай қилиб инсоннинг энг мукаррам аъзоси бўлган юзга уни суриш мумкин? Шунга биноан, макяжда ҳаром аралашган воситалардан фойдаланиш қатъиян тақиқланади. Маълум бўлишича, баъзи лаб бўёқлари тўнғиз ёғи аралаштириб тайёрланади. Агар бу хабар аниқ маълумотлар асосида бўлса, Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис ва уламолар иттифоқига кўра, у нажас ва ҳаром ҳисобланади. 

Шунингдек, энг қиммат косметик пудраларнинг баъзилари  инсоннинг тирик эмбрион ҳужайраларидан тайёрланади. Бу эмбрион ҳужайраси топилмаган ҳолларда, қотириб, кукун ҳолига келтирилган суваракдан тайёрланади ва юз кремлари билан аралаштирилади.

Ислом шариати ҳаром қилган пардозга тааллуқли ишлардан яна бири – бу татиуровка. Унинг ҳаром эканлиги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ вашм қилувчи ва қилдирувчини лаънатласин”, деган ҳадисларига кўрадир. Унинг ҳаромлиги сабабларидан бири – инсон танасига азият  етиши, игна уриб татиуровка қилинган жойда қон айланиши тўсилиши ҳисобланади. Шунингдек, ўзи асли ҳаром бўлган бу ишни бегона эркаклар томонидан бажарилиши мутлақо жоиз эмас.

Ороланиш аслида мубоҳ ҳисобланса-да, бундай ҳолларда ҳаромга айланади. Аллоҳ таоло “Нур” сурасида аёлларга амр қилиб “кўрсатмасинлар”, деб марҳамат қилган. Модомики, аёлнинг номаҳрам кишилар олдида зийнатини кўрсатиб юриши ҳалол эмас экан, унга бегонанинг қараши ва пардоз бериши батариқи авло ҳаром ҳисобланади.

6. Пардоз қилишда икки жинс вакилларининг бир-бирига ўхшаб қолмаслиги.

Зийнатланиш борасидаги асосий қоидалардан бири – бу пардоз ва либосда икки жинс вакилларининг бир-бирига ўхшаб қолмаслигидир. Эркак киши аёлларга хос либос ва безакларни ишлатиб, ўзини уларга ўхшатмаслиги, аёллар ҳам кийиниш, юриш-туриш ва гапда ўзини эркакларга тақлид қилмаслиги шарт. Бу нарса, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда таъкидланганидек, ўзини атайлаб бошқа жинсга ўхшатадиганларга тааллуқли. У киши: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эркаклардан ўзини аёлларга ўхшатадиганларни ва аёллардан (атайлаб) ўзини эркакларга ўхшатадиганларни лаънатладилар”, деганлар. 

Агар аёл киши бичим ва кўринишда эркакларнинг кийимига ўхшаш майка, шортик кабиларни кийиб, ўзини уларга ўхшатса, Аллоҳ таоло ва Расулининг лаънатига дучор бўлади. Агар аёлнинг эри уни ана шундай кийинишига қўйиб берган бўлса, у ҳам лаънатда баробар ҳисобланади. 

Имом Заҳабий ўзининг “Гуноҳи кабиралар” номли китобида бу ишларни энг катта гуноҳлардан бири сифатида санаб  ўтган ва ҳадислар билан қувватлаган. У ўзини эркакларга ўхшатиб юрувчи эркакшода аёллар сирасига кийиниш ва ўзини тутишда уларга тақлид қилувчиларни киритган.

Минг афсуски, бундай ҳолатларни бугунги кунда кўп кўраяпмиз. Юриш-туриш, сочларини қисқартириш  ва кийинишда аёллар эркакларга шу даражада тақлид қилмоқдаларки, уларнинг эркакми ёки аёл эканини кўпда фарқлаш ҳам маҳол бўлиб қолаяпти.

7. Зийнатланишда ўзини кофирлар, фазилатсиз ва ёмон инсонларга ўхшатиш бўлмаслиги лозим.

Тақлид одатда зоҳир ишларда бўлади, хусусан кофирларга ўхшашга уриниш, шариат ман этган сохталикларда намоён бўлади. Кишининг ташқи томондан кофирларга ўхшашга уриниши оқибатда ички оламининг ҳам уларга ўхшаб қолишига олиб боради.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ўзини бир қавмга ўхшатса, ўшалардандир”, дедилар. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, яҳудий ва насронийлар (соч-соқолини) бўямайди, сизлар уларга хилоф қилинглар”, дедилар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари оқ толаларни бўяш ва бўёқ ишлатиш билан аҳли китобларга тескари иш қилишда энг етук эдилар. У зот яҳудий ва насоролардан оқ сочни бўяш билан бўлса-да фарқ қилишларининг ўзи бу ишнинг шариат томонидан талаб қилинадиган иш эканидандир.

“Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш, айни чоқда, олдин китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан қалблари қотиб қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ўхшамаслик вақти келмадими?!” (Ҳадид сураси 16-оят)

Аллоҳ таолонинг ушбу қавли ўзини уларга ўхшатишнинг мутлақ таъқиқланганини билдиради. Улар Аллоҳнинг каломини ўзгартирганларидан қалблари қотиб, насиҳатни қабул қила олмай қолади. На бирор ваъда, на таҳдид бу қаттиқ қалбни юмшата олмайди.
Қалб қотиши гуноҳлар кўпайишининг натижасидир.  Шунинг учун ҳам мусулмон киши гуноҳга сабаб бўладиган бирор ишда гуноҳкор кимсаларга тақлид қилишдан қайтарилгандир.

Кофирлар ва аҳли туғёнларга тақлид қилишнинг ҳаромлик даражаси уларнинг ёмон амалларига қалбнинг мойил бўлиши, уни бажаришга ошиқиш билан белгиланади. Бу эса мусулмон киши учун асл мағлубият ва унинг шахсияти поймол бўлгани, ақидасининг заифлиги  белгисидир. 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.