06.12.2023 02:25

Барибир бахтлимиз!

Сиз “Бахтсизман!” дедингиз. Мен ҳайрон бўлдим. Тўғри, ҳар кимнинг синови, қийинчиликлари ўзига аён. Лекин катта мусибат санаб, бахтсизликка асос қилинаётган иш Аллоҳдан келадиган одатий, бироз сабр қилинса, ортидан муҳаққақ ёруғлик келадиган имтиҳонлардан бири эди. Сизга сўз билан тасалли беролмадим, балки, аммо қуйидаги саволларга жавоб беришингизни ва ўзингизни бахтиёрлар сафида эканингизни тушунишингизни, хотиржамлик ва шукр туйғуларини уйғотишини истадим.
Демак, биринчи савол: Бирор аъзоингиздан ажралганмисиз?
Жавобингиз “йўқ” бўлса, қанчалар бахтли экансиз! Чунки сиз кўряпсиз, эшитяпсиз, ҳидлаяпсиз, юряпсиз, гапира оляпсиз... Бу неъматлар учун Аллоҳга шукроналар бўлсин!
Жавобингиз “ҳа” бўлса... умидсизланманг. Чунки Аллоҳ сабрли бўлишингизни яхши кўради, имтиҳонидан муваффақият билан ўтишингизни истайди. Сиз бахтлисиз! Биласизми, нега? Чунки борлиқдаги Аллоҳнинг неъматларини юқори қадрлай оласиз, сизда йўқ бу имконларни исроф қилаётганлар қанча...
Иккинчи савол: Тинч, хотиржам яшаяпсизми?
Жавобингиз “ҳа”, шундайми? Қандай бахтсизман дейиш мумкин? Тинч юртингизга назар солинг. Ташқарига чиқсангиз, қўрқмай қадам ташлайсиз, отишма товушлари, танкларнинг шовқини йўқ. Ўз ватанида тинч, хотиржам яшаётган одам бахтсиз бўладими?!
Учинчи савол: Яшашингиз учун етарли озиғингиз борми? 
Жавобингиз “ҳа” бўлса, фақат қувонинг. Чунки ер юзида кунига қанчалаб одамлар очликдан ўлмоқда. Ўз бахтингизни ҳис қилинг, орттиролсангиз, муҳтожларга ёрдам беринг. Аллоҳ сизу бизга бу неъматни давомли қилсин.
Жавобингиз “йўқ” бўлса, ажабланарли. Меҳнат қилиб, ризқ топаман десангиз, ҳеч ким йўлингизни тўсмайди, фақат ҳаракат керак! Аллоҳга таваккул қилиш керак.
Тўртинчи савол: Сиз  илм оляпсизми?
Жавобингиз “ҳа” бўлса, бахтли экансиз! Илм сизни комилликка бошлайди. Бу неъматга етолмаганлар кўплигини эсингизда тутинг, олган илмингиз билан жамиятга фойда келтиришга ғайрат қилинг.
Жавобингиз “йўқ” бўлса, демак, маълум сабаблар бор. Лекин бу маҳзун тортишга асос бўлмайди. Чунки ҳаётнинг ўзи катта ўқув юрти. Сиз дарсни айнан ана шу ўқув даргоҳидан олаётганингиз билан бахтлисиз. Зеро, бу ердаги сабоқларни бошқа ҳеч жойдан тополмайсиз.
Бешинчи савол: Замонавий жиҳозларингиз  борми?
“Ҳа” десангиз, қандай яхши! Чунки компьютерингиз бўлса, унинг ёрдамида керакли маълумотлар тўплай оласиз. Телевизорингиз орқали бутун дунёдан хабар топасиз Машинангиз, телефонингиз бўлса, узоғингиз яқин, оғирингиз енгил бўлади.
“Йўқ” десангиз, сабаби қандай бўлса ҳам, сиз учун бу хайрли экани белгиси. Чунки бундай жиҳозларини гуноҳ ишлар учун ишлатаётганлар ҳам талайгина, улар қаторида эмаслигингиз ҳам бахт. 
Олтинчи савол: Оилангиз, фарзандларингиз борми?
Зеро, уларнинг борлиги катта бахт. Яна нима истайсиз? Сиз учун борлиги ғоят табиийдек бу неъматга кўпчилик ҳавас қилади. Атрофингизда “она” ёки “ота” деган сўзни эшитса, кўзи ёшга тўладиганлар бор...
Бу саволга “йўқ” деб жавоб берсангиз, маҳзун бўлманг. Айтишга осон дейсизми? Ундай эмас, чунки бу мусибатга учраганларнинг биринчиси ҳам, охиргиси ҳам эмассиз. Зеро, “Ҳар бир жон ўлим (аччиғи)ни тотувчидир” (Оли Имрон, 185). Ўкинманг, киши учун суйганлари билан жаннатда биргалик бахти борлигини унутманг!
Бир нарсани ёдингизда тутинг – шукр қилувчига ҳар нарса неъмат, фикр юритмаганга ҳар иш мусибат.
Руқия Идрисали қизи

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.