20.06.2025 09:16
155
Одам алайҳиссалом қандай яратилди?
Шубҳасиз, Одам алайҳиссалом инсониятнинг боши саналади. Аллоҳ таоло у кишини лойдан, комил инсон кўринишида яратди. У кишининг комил инсон кўринишига келиши дарвинчилар иддао қилгандек қайсидир махлуқотлардан бирининг кўринишида яратилиб, вақти-вақти билан такомиллашиш ёки шунга ўхшаш йўллар билан юзага келмади. Уларнинг иддаосига кўра, инсониятнинг аввали маймун бўлган ва бир қанча босқичлардан ўтиб, ҳозирги маълум кўринишга эга бўлган. Лекин бу ботил назария ҳисобланади. Чунки Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни лойдан яратиб, унга руҳ киргизди ва шу билан Одам гўшт ва қондан иборат инсоний кўринишга эга бўлди. Қуйидаги оят буни тасдиқлайди: “Эсла, Роббинг фаришталарга деди: “Албатта, Мен лойдан башар яратувчидирман. Бас, уни ростлаб, ичига руҳимдан пуфлаганимда, унга сажда қилиб, йиқилинглар!” (Сод сураси, 71-72 оятлар).
Қуръон тили бўлмиш араб тили қоидасига кўра, ушбу оятда сажда қилиб йиқилинглар маъносини англатувчи “فقعوا” сўзининг бошидаги “ف – фо” ҳарфи ўзидан кейин ифода қилинадиган иш-ҳаракатнинг дарҳол юзага келишини тақозо этади. Яъни, агар бир феълнинг бошида ушбу “ف – фо” ҳарфи бор бўлса, у ишда кечикиш бўлмаган дегани. Бунга кўра, Аллоҳ таоло Одамга руҳ пуфлаши билан фаришталар унга сажда қилишлари керак бўлган. Бундан келиб чиқадики, фаришталар сажда қилар чоғда Одам алайҳиссаломнинг яратилиши том маънода якунланиб, у кишининг инсоний кўриниши оятнинг ифодаси билан “ростланган”, комил суратда бўлган.
Қолаверса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг ҳадиси шарифларида “Аллоҳ Одамни ўзининг кўринишида яратди” деганлар. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг Одамни маймун ёки бошқа махлуқотнинг кўринишида эмас, ўзининг мукаммал инсоний кўринишида яратгинини тақдиқлайди.
Умрини турли хил илмий мунозара ва изланишлар билан ўтказиб, Исломий илмларга янада кенгроқ уфқ қозондирган имом Фахруддин Розий ҳам бу борада ўз тафсирларида “Аллоҳ таоло Одамни инсон кўринишида яратди”, деб айтганлар.