Бугун, 9 август куни Остона шаҳрида Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев раислигида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг VI Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. 

Учрашувда Қозоғистон раҳбари минтақа яқинида мураккаб ҳарбий-сиёсий вазият мавжудлигини айтиб, мудофаа сиёсати ва хавфсизлик соҳасида биргаликда ҳаракат қилиш зарурати пайдо бўлганига тўхталган.

Шунингдек, у замонавий таҳдидларни самарали енгиб ўтиш учун минтақа давлатлари ўртасида сиёсий мулоқот ва ишончни мустаҳкамлаш муҳимлигини қўшимча қилган.
“Бугун биз халқаро муносабатлар тизимининг фундаментал асослари нураб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бундай шароитда минтақамизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш асосий вазифа бўлиб қолмоқда”, – деган Тўқаев.
Бундан ташқари, у Марказий Осиёнинг транзит-транспорт салоҳиятини ривожлантириш ҳақида сўз очган ва минтақа мамлакатлари учун Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш таклифини қўллаб-қувватлаган.

Шу билан бирга, у сувдан адолатли фойдаланишга асосланган янги ҳамкорликдаги сув сиёсатини ишлаб чиқишни таклиф қилган.

“Кўп томонлама сув ҳамкорлиги гидроэнергетика иншоотларини биргаликда қуриш ва Марказий Осиё мамлакатлари учун сув-энергетика консорсиумини ташкил этиш ташаббусларига асосланиши мумкин”, — деган Тўқаев.

Бундан ташқари, у таълим, фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик, қўшма медиа-маҳсулотлар яратиш ҳамда минтақавий телеканал ёки интернет янгиликлар порталини ишга тушириш имкониятларини кўриб чиқиш масаласини кўтарди.

Мазкур йиғилишда 2027 йилгача минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича йўл харитаси тасдиқланди. Ушбу ҳужжат ҳукуматларнинг мувофиқлаштирилган ишини такомиллаштириш ва соҳада таклиф этилаётган ташаббусларнинг бориши устидан назоратни кучайтириш имконини беради. Бундан ташқари, “Марказий Осиё – 2040” минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган яна бир муҳим ҳужжат имзоланди.

Мавзуга алоқадор