Ўзбекистон Афғонистон муваққат ҳукумати вакилларидан чегара яқинидаги «Термиз» халқаро савдо марказида концертлар ва мусиқа жўрлигидаги тадбирларни бекор қилиш тўғрисида сўров олмаган. Бу ҳақда Gazeta.uz Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматига таяниб хабар берди.

Аввалроқ, Афғонистоннинг Atlas Press хусусий нашри манбаларга таяниб, Толибон Ўзбекистон расмийларига шундай сўров йўллагани ва бу талаб бажарилмаса, Афғонистон фуқароларига ушбу савдо майдонига ташриф буюришни тақиқлаш билан таҳдид қилгани ҳақида хабар берган эди.

ОАВ маълумотларига кўра, мажмуага ташриф буюрувчилар учун мусиқий дастурлар ўтказилиб, ўзбекистонлик санъаткорлар кечки концертлар билан чиқиш қилган.

Эслатиб ўтамиз, август ойи охирида Афғонистон билан чегарада «Термиз» халқаро савдо маркази очилган эди. Авғонистонликлар мазкур савдо марказига кириш визасини расмийлаштирмаган ҳолда махсус йўлак орқали киришлари мумкин. Бу ерда тўлов сифатида АҚШ доллари, евро, рубль ва юанни қабул қилишга рухсат берилади. 

Мавзуга алоқадор