24 июнь куни Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрининг Хазар тумани Шувалан қишлоғида бир неча бор судланган, қидирувда бўлган Ровшан Аллоҳвердиевни қўлга олишга уриниш пайтида отишма содир бўлди.

Озарбайжон Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурасининг хабар беришича, Аллоҳвердиев қуролли қаршилик кўрсатиб, уч полициячи ва бир фуқарони ўлдирган.

Хабарда айтилишича, у ўз оила аъзоларининг орқасига яширинишга уринган ва полицияга “Ланкастер” қуролидан ўқ узган.

“Отишма содир этган шахс полициянинг жавоби натижасида ҳалок бўлди”, — дейилади баёнотда. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, кеча кечқурун Доғистонда Махачқалъа ва Дербентдаги православ черкови, синагога ва полиция ходимларига ҳужум уюштирилди, натижада йигирмага яқин одам ҳалок бўлди. Доғистон раҳбари Сергей Меликов бир кечада “15 дан ортиқ полициячи” ва бир неча тинч аҳоли ҳужумлар қурбони бўлганини айтди.

Мавзуга алоқадор