Озарбайжон Миллий Мажлисининг (парламент) Халқаро муносабатлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси Франция Сенати қарори муносабати билан баёнот қабул қилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, Франция ҳукумати томонидан олиб борилаётган Озарбайжонга қарши сиёсат, жумладан, шу кунга қадар Франция парламентининг ҳар икки палатасида Бокуга қарши қабул қилинган резолюциялар туфайли икки давлат ўртасидаги муносабатлар тарихдаги энг паст даражага тушган ва аслида тўхтатилган деб ҳисоблаш мумкин.

Қўмита Озарбайжон ҳукуматига Францияга қарши санкциялар қўллашни, француз расмийларининг Озарбайжондаги барча активларини музлатиб қўйишни, Франция билан барча иқтисодий алоқаларни тўхтатишни, барча француз компанияларини Озарбайжондан, шу жумладан Total компаниясини олиб чиқишни ва француз компанияларининг Озарбайжон томонидан топширилган ҳар қандай лойиҳаларда иштирок этишига йўл қўймасликни тавсия қилди.

Шунингдек, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлигига Франциянинг мустақиллигини даъво қилувчи Канаки (Янги Каледония, Тинч океани ҳудудидаги Франция мустамлакаси), Маохи Нуи (Maohinui, Таити) ва Корсика ҳудудлари суверенитетини тан олиш чораларини кўриш топширилди.

Аввалроқ Франция Сенати 336 овоз ва 1 қарши овоз билан Озарбайжонга қарши санкциялар жорий этилишини назарда тутувчи қарорни қабул қилди.

Ҳужжатда Арманистоннинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш ҳақида сўз боради ва Озарбайжон қўшинларини Қорабоғдан олиб чиқиб кетиш талаб этилади. Бундан ташқари, “Тоғли Қорабоғ сиёсий етакчиларининг ҳибсга олинишини” қораланиб, уларни зудлик билан озод қилишни талаб қилинган. Шунингдек, арман аҳолисининг Тоғли Қорабоғга қайтиш ҳуқуқи кафолатлари талаб қилинган.

Франция Сенати резолюциясида Бокуга нисбатан энг қатъий чоралар кўриш, жумладан, Озарбайжон расмийларининг мол-мулкини мусодара қилиш ҳамда Озарбайжондан газ ва нефть импортига эмбарго жорий этиш зарурлиги қайд этилган. 


Мавзуга алоқадор