Франция Ташқи ишлар вазирлиги Озарбайжондан ҳибсга олинган француз разведкаси агентларини қўйиб юборишни талаб қилди. Бу ҳақда Франциянинг BFM TV телеканали хабар қилди.

“Биз ҳамюртимиз Озарбайжон ҳукумати томонидан декабрь бошида ҳибсга олинганини тасдиқлаймиз. Биз бу ҳибсни ўзбошимчалик деб биламиз ва унинг зудлик билан озод этилишини талаб қиламиз”, — дейилади хабарда.

Parismatch нашри ушбу агентнинг исм-шарифи Мартин Раян эканини очиқлаб, унинг отаси Ричард Раяннинг интервьюсини эълон қилди. Ричард ўғли телефон орқали суҳбатда: “Улар мендан пиёда (шахмат доначаси назарда тутилмоқда – таҳр.) сифатида фойдаланишди”, - дея Озарбайжонда нон-грата деб эълон қилиниб, мамлакатдан чиқариб юборилган икки дипломатга ишора қилган.

Ўз навбатида, Боку яна бир бор француз томонини Озарбайжоннинг ички ишларига аралашишни бас қилишга чақирди. Бу ҳақда Озарбайжон ТИВ матбуот котиби Айхан Гажизаде Франция фуқаросининг ҳибсга олиниши муносабати билан Франция Европа ва ташқи ишлар вазирлиги баёнотига изоҳ берар экан.

Қайд этилишича, 4 декабрь куни Франция фуқароси Мартин Раян Озарбайжон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддасида (жосуслик) назарда тутилган қилмишни содир этганликда гумонланиб қўлга олинган.

“Франция Европа ва ташқи ишлар вазирлигининг Франция фуқаросининг асоссиз ҳибсга олингани ҳақидаги айбловлари асосга эга эмас. Бу баёнот воқеликни бузиш, Озарбайжоннинг ички ишларига ва қонуний тергов жараёнига аралашишга навбатдаги уринишдир”, - деди Ҳожизода.

Унинг қайд этишича, суд Франция фуқаросига нисбатан тўрт ой муддатга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси сифатида қарор чиқарган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжонда Франция  разведкасининг кенг кўламли резидентураси фош қилингани, улар Украина, Молдова, Грузия, Озарбайжон, Шарқий Европа, Яқин Шарқ ва Марказий Осиёнинг бир қатор давлатларида турли операцияларда қатнашгани ҳақида хабар берган эдик.

Кейинроқ Озарбайжон Франция элчихонасининг икки ходимини “персона нон грата” (номатлуб, исталмаган шахс) деб эълон қилди ва уларга 48 соат ичида мамлакатни тарк этиш талабини қўйди.

Фото: Озарбайжон ТИВ биноси.

Мавзуга алоқадор