Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида “Эсжанули Сейитжан қори” жомеъ масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Янги масжидда бир вақтнинг ўзида 30 минг киши намоз ўқиши мумкин бўлади. 
Масжидда мажлислар зали, 600 ўринли ошхона, ёшлар маънавиятини тарбиялаш мадрасаси, тўйхона, фитнес маркази, 736 та машинага мўлжалланган ер ости тўхташ жойи мавжуд.
“Бу масжидда таҳсил олган ёшларимиз мана шу гўзал шаҳар, халқимиз маънавиятини юксалтиришга ҳисса қўшишига ишонаман. Масжид қурган фуқароларни Аллоҳ таоло мукофотласин", - деди масжид очилишида сўзга чиққан Қозоғистон бош муфтийси Науризбай қажи Таганули. 
Бош муфтий катта масжид қурилишига ҳомийлик қилган машҳур хайриячи Серикжон Сейитжонулига миннатдорчилик билдирди. 
Шунингдек, олий муфтий фахрий меҳмон, Саудия Арабистонидан машҳур хаттот Усмон Тохага “Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасига 30 йил” байрам нишонини топширди.
Масжид минораларининг баландлиги 63 м, бош гумбазнинг баландлиги 56 м. Шунингдек, 20 метрлик соябонли чодирларни очиш тизими мавжуд бўлиб, улар вентилятор ва намлагичлар билан жиҳозланган. Масжид бинолари 9 балгача зилзила хавфини ҳисобга олган ҳолда қурилган.

Мавзуга алоқадор