Military Times глобал мудофаа нашри маълумотларига кўра, АҚШ армияси октябрда "Инсон-машиналар интеграцияси бўйича иккинчи саммит"да робот ва қуролли роботлаштирилган машиналарнинг ҳақиқий ўқ-дорилардан фойдаланган ҳолда ҳарбий машғулотларда иштирокини синовдан ўтказди.

Машғулотларга раҳбарлик қилган АҚШ армиясининг Келажак қўмондонлиги бошлиғи генерал Жеймс Рейнининг нашрга берган маълумотига кўра, тарихда биринчи марта ҳақиқий ҳарбийлардан ташкил топган иккита енгил пиёда қўшин взводига робот жанговар машиналар ва робот аскарлар қўшилган ҳамда роботларнинг ушбу взводларга интеграциялашган ҳолда жанг олиб борилишига эришилган.

Жоржиянинг Форт Мур ҳарбий базасида бўлиб ўтган машғулотларда робот аскарлар жуда самарали ва кутилгандан ҳам кўра яхши ҳаракат қилган. Шаҳардаги уруш тарзида олиб борилган машқларда роботлар нафақат жанг майдонида бошқа одамларга раҳбарлик қилишган, балки ўзлари тегишли бўлган взводлар олдинга силжиши учун очиқ майдонда ҳам, бинолар ичида ҳам биринчи бўлиб жанг қилган бўлинмаларга айланди.

АҚШ томонидан ўта сир тутилган робот аскар лойиҳаси доирасидаги машғулотлар инсонлар томонидан бошқариладиган роботлаштирилган ҳарбий машиналар ҳам ҳамроҳлик қилган. Қўлга киритилган маълумотларга кўра, 20 нафар аскар томонидан бошқариладиган бу роботлаштирилган машиналар “жанг майдонини душман бўлинмаларидан тозалаган, керак бўлганда граната ёки тутунли бомба улоқтирган, зарурат туғилганида эса бошқа бирликларга қалқон вазифасини ўтаган”.

Ҳақиқий вақт режимида ўтказилган жанговар машғулотларда роботлаштирилган машиналар душман дронларини зарарсизлантирган, душман сигналларини тўсган ва ўз бўлинмасидаги аскарларнинг алоқа тармоғини кенгайтирган. Машиналардаги ўрта ўлчамли дронлар биноларнинг томидан, кичик дронлар эса деразадан биноларга кирган ва душман биноларининг бутун ички тузилишини қайд этиб, ўз бўлинмаларидаги аскарларга йўл-йўриқ кўрсатган. Робот ҳарбий итлар биноларга кириб, кимёвий ёки биологик хавф мавжудлигини текширган.

 Аввалроқ Исроил армияси Ғазода кўпроқ фаластинликларни ўлдириш, янада кўламлироқ вайронагарчиликларга хизмат қилиши учун сунъий интеллектдан фойдаланаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Мавзуга алоқадор