Тобеинлардан Мужоҳид ибн Жабр раҳимаҳуллоҳ айтади:

"Қалбни инсон кафтига менгзатса бўлади; киши бир гуноҳ қилса қалбидан бир бармоқ букилади, яна бир гуноҳ қилса яна бири ҳатто, ҳамма бармоғи букилгач, муштдек қотади-да, кейин унга муҳр урилади..." Ҳилятул авлиё китоби, 3/282.

* * *

Макҳул Димашқий раҳимаҳуллоҳ:

"Энг кам гуноҳ қилганлар энг қалби юмшоқ кишилардир". Имом Аҳмаднинг Зуҳд китоби, 463-бет.

* * *

Умар ибн Солиҳ раҳимаҳуллоҳ: "Аҳмад ибн Ҳанбалдан сўрадим:

- Қалб нима билан юмшайди?

Менга қараб-қараб тургач, жавоб берди:

- Нима билан бўлар эди, ҳалол ейиш билан". Табақотул ҳанобила, 1/219.

* * *

Яҳё ибн Муоз раҳимаҳуллоҳ:

"Қалблар озуқаси зикр (Аллоҳнинг зикри), ақллар озуқаси фикрдир". Тарихи Бағдод, 2/136.

* * *

Масруқ ибн Аждаъ раҳимаҳуллоҳ:

"Кимки қалби ичидаги кечинмаларига Аллоҳни назоратчи қилса, Аллоҳ уни хатти-ҳаракатларида муҳофаза қилади". Сифатус сафва, 4/368.

* * *

Яҳё ибн Муоз раҳимаҳуллоҳ:

"Қалблар худди қайнаб турган қозонга ўхшайди, чўмичлари эса тиллардир. Кишининг нима дейишига боқинг, чунки унинг тили қалбида қайнаб турган нарсани беради: ширин бўлсин, нордон бўлсин, аччиқ бўлсин, чучук бўлсин". Ҳилятул авлиё, 10/63.

* * *

Иброҳим Хаввос раҳимаҳуллоҳ:

"Қалб давоси беш нарсадир: Қуръонни тадаббур ила (оятлар мағзини чақиб) ўқиш, қоринни холи-оч қилиш, тунги намоз, саҳарги тазарру, солиҳлар билан ўтириш". Заммул ҳаво, 70-бет.

* * *

Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ:

"Тақво ва акси бўлмиш фужурнинг асоси қалбдир. Қалб иффатли бўлиб тақво қилса, аъзолар ҳам покизалашади, қалб бузилса, аъзолар-да бузилади". Жомиул улуми вал ҳикам, 1/229.

Эй Раббим! Ўзинг қалбимизни ислоҳ қил! Омин.

 Устоз Cайфуллоҳ Носир

Мавзуга алоқадор