Россия Савдо-саноат палатаси вице-президенти Елена Дибова Россияда курьер ва такси ҳайдовчиларини тақиқлашни ҳамда ушбу соҳаларда ишлайдиганларни ҳарбий заводларга юборишни таклиф қилди. Амалдор аёл ўз ташаббусини "мамлакатда давлат мудофаа буюртмасини бажарадиган ҳеч ким йўқ"лиги билан изоҳлади. Ушбу соҳаларда асосан меҳнат муҳожирлари ишлайди.

"Йўқ, ҳурматли ўртоқлар, вазият шундай: дўконга пиёда боришингизга тўғри келади. <…> Фаолиятнинг айрим турлари тақиқланиши лозим. Ёки фабрикаларимизда ишлайдиган ҳеч ким бўлмайди ва биз шунчаки хизмат кўрсатиш билан шуғулланамиз. Ёки буларни амалга оширамиз: биринчидан, бу ўткир мобилизация сценарийси, иккинчидан, хоҳлаймизми ёки йўқми, меҳнат унумдорлиги билан шуғулланишимиз керак”, — деди Дибова НТВ телеканалида.

Россия амалдорлари биринчи марта асосан меҳнат муҳожирлари ишлайдиган курьерлик ва таксичилик каби соҳаларда банд бўлганларни ҳарбий заводларга юборишни таклиф қилаётгани йўқ. Ўтган йилнинг баҳорида Татаристон саноат ва савдо вазири Олег Коробченко ҳам худди шундай ташаббус билан чиққан эди. “Курьерлар, такси ҳайдовчилари ва пицца етказиб берувчиларнинг улкан армияси оддий касб-ҳунар эгаллаши ва фабрикаларимизда ишлаши учун ҳамма нарсани қилишимиз керак”, деган эди у. Амалдорнинг таъкидлашича, республикадаги корхоналар 4 минг ишчига муҳтож ва "бу эҳтиёж ўсишда давом этмоқда".

Июль ойида Владимир Путин ҳам саноатдаги кадрлар етишмовчилиги муаммосини ҳал қилиш учун ҳукуматдан 2028 йилга қадар 1 миллионга яқин “кўк халатлилар”ни тайёрлашни талаб қилган эди. Бундан ташқари, президент коллеж ва техникумларнинг моддий-техник базасини модернизация қилиш, касб-ҳунар таълими тизимини меҳнат бозори эҳтиёжларига мослаштириш зарурлигини таъкидлади.

Ўтган йил охирида Россия Фанлар академиясининг Иқтисодиёт институти 2023 йил охирида Россияда кадрлар етишмовчилиги 4,8 миллион ишчини ташкил этганини маълум қилганди.

 

Мавзуга алоқадор