Россия қўшинлари Донецк вилоятида, айниқса стратегик аҳамиятга эга Покровск шаҳри ҳудудида ҳужумларини кучайтирди. Бир ҳафта ичида тахминан 57 кв км ҳудудни босиб олишга муваффақ бўлишди, бу - баҳордан бери энг катта ҳудудий ютуқлардан.

Россия кучлари аввал авиазарбалар ёмғирини ёғдириб, сўнгра пиёдалар ҳужуми тактикасини қўлламоқда.

«Бу катта таҳдид... чунки Покровский ва Торецкий жабҳалари украиналик ҳимоячилар позицияларига берилаётган ҳар кунлик авиазарбаларнинг катта қисмини ўзига қабул қилиб олмоқда», - деди Украина Миллий гвардияси вакили Руслан Музйчук Reuters агентлигига.

Киевлик авиация эксперти Валерий Романенконинг таъкидлашича, руслар ўз тактикасида бошқариладиган бомбалар ва "гўшт ҳужумлари"га (қанча инсоний йўқотишлар бўлишидан қатъи назар, душман истеҳкомларига юзма-юз пиёда ҳужуми – таҳр.) таянмоқда.

«Руслар бизнинг ҳимоямизни ёриб ўтаётгани йўқ, уларни орқага итариб ташламоқда. Улар ҳар куни ушбу тактикадан фойдаланган ҳолда 100, 150, 200 метр олдинга силжишмоқда: бошқариладиган бомбаларни ташлаш, кейин “гўшт ҳужуми”, ҳужум бартараф этилса, яна бошқариладиган бомбаларни ташлаб, яна “гўшт ҳужуми”», - дея тушунтирди у.

Ҳужумлар жанг майдонидан қочган тинч аҳоли сонининг кескин кўпайишига олиб келди. Кўнгилли Роман Бугаевнинг сўзларига кўра, сўнгги икки ҳафта ичида эвакуация қилиш ҳақидаги сўровлар сони тахминан ўн баравар кўпайган.

Новогродовкадан эвакуация қилинган Антонина Калашникова ўз тажрибаси ҳақида шундай деди: «Улар қаттиқ бомбардимон қила бошлашди ва бу жуда қўрқинчли бўлди. Тун бўйи ухлай олмадик ва кетишга қарор қилдик».

Россия Мудофаа вазирлиги ўтган ҳафтада Донецк вилоятидаги бешта аҳоли пункти қўлга олинганини маълум қилди. Мутахассисларнинг қайд этишича, Украина қўшинлари фронтнинг бир қанча секторларида жиддий босим остида.

Мавзуга алоқадор