Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) махсус бўлинмалари Россиянинг Курск вилоятида 102 нафар рус аскарини қўлга олди, дея хабар бермоқда «Громадське».

Нашр манбасининг сўзларига кўра, Украина қўшинлари 14 август куни Россия ҳудудига бостириб кириши давомида илк маротаба бир мартада йирик миқдордаги рус ҳарбийларини асирга олган. Қайд этилишича, Россия Қуролли Кучларининг 488-гвардия мотоўқчилар полки ва чеченистонликлар иборат “Ахмат” бўлинмаси аскарлари таслим бўлган.

Курск вилоятини ҳимоя қилишга шошилган россиялик ҳарбий хизматчиларнинг қўлга олингани акс этган видео “Мен яшашни хоҳлайман” лойиҳаси томонидан эълон қилинган: катта ангарда олинган кадрларда ўнлаб аскарларни кўриш мумкин, улардан баъзиларининг юзлари ёпилган.

РБКнинг Украина Хавфсизлик хизматидаги манбаларига кўра, маҳбуслар Украина қуролли кучлари Россия компанияларидан бирининг қўрғонига ҳужуми чоғида қўлга олинган. Операциялар СБУнинг «А» Марказий разведка бошқармаси ходимлари томонидан амалга оширилган, дея хабар беради манбалар.

Россиялик ҳарбийларнинг таслим бўлишига ёрдам берувчи Украинанинг “Мен яшашни хоҳлайман” лойиҳаси “Ахмат” махсус бўлинмасидаги чеченлар иштирокидаги видеони эълон қилган эди. Лавҳаларда аксари ҳарбий кийимда бир неча ўнлаб одамлар акс этган. Уч маҳбус Грознийдан эканлигини тасдиқлади, улардан бири “Ахмат”да хизмат қилганини аниқлади.

Financial Times украин бўлинмалари томонидан эълон қилинган видеоматериалларни таҳлил қилган ҳолда Украина қўшинлари Россиянинг Курск вилоятида жами 800 кв. км. майдонни назоратига олгани, юзлаб рус ҳарбийларини асирга туширганини маълум қилди. Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский украин бўлинмалари Россиянинг 1000 кв. км. майдонини босиб олганини маълум қилган эди.

Мавзуга алоқадор