АҚШнинг Яқин Шарқдаги кучларига масъул бўлган америкалик генерал Майкл Курилла Эрон томонидан Исроилга эҳтимолий ҳужумга тайёргарлик кўрилаётган бир пайтда шанба куни минтақага келди. Бу ҳақда икки америкалик расмий Axios нашрига хабар берди.

АҚШнинг юқори мартабали ҳарбийларининг минтақага сафари Исроил, Эрон ва Ҳизбуллоҳ ўртасидаги муносабатлар ёмонлашишидан олдин режалаштирилган эди. Аммо у ушбу сафардан Исроилга Эроннинг 13 апрелдаги ҳужумини қайтаришга ёрдам берган халқаро ва минтақавий коалицияни яна сафарбар қилиш мақсадида фойдаланиши кутилмоқда, деди АҚШ расмийларидан бири.

АҚШ ва Исроилнинг уч расмийси Эрон душанба куниёқ Исроилга ҳужум қилишини кутишган.

Эрон ва Ҳизбуллоҳ етакчилари Ҳизбуллоҳнинг олий ҳарбий қўмондони Фуад Шукр ва ҲАМАС сиёсий етакчиси Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши учун қасос олишга ваъда беришган.

Бундан ташқари, АҚШ Эроннинг Исроилга эҳтимолий ҳужумига тайёргарлик кўриш мақсадида Яқин Шарқдаги қўшинларини кенгайтириб, минтақага кўпроқ ҳарбий кемалар ва қирувчи самолётлар юбормоқда. Бу ҳақда Пентагон жума куни маълум қилди.

Axios манбаларига кўра, Эроннинг ҳаракатлари апрель ойидаги ҳужумга ўхшаш, аммо потенциал жиҳатдан каттароқ бўлади. Уларда Ҳизбуллоҳ ҳам иштирок этиши мумкин.

Оқ уй олдинги ҳужумларни қайтарган давлатлар коалициясини сафарбар қилиш қийинроқ бўлишидан қўрқаётгани таъкидланди. Чунки Ҳаниянинг ўлдирилиши бутун минтақада Исроилга қарши кучли кайфиятни уйғотган.

АҚШ расмийсига кўра, Курилла Форс кўрфазининг бир қанча мамлакатлари, жумладан, Иордания ва Исроилга ташриф буюриши кутилмоқда.

Иордания унинг сафарида асосий тўхташ жойи бўлади.

Пентагон ва CENTCOM ушбу хабарларга изоҳ бермади.

Axios суҳбатдошлари Эрон ва Ҳизбуллоҳ ҳужумни мувофиқлаштириши ёки алоҳида ҳаракат қилишига ишончлари комил эмаслигини айтишган.

Шунингдек, уларнинг фикрича, Эрон ҳам, Ҳизбуллоҳ ҳам ҳарбий режаларини якунлаш ва уларни сиёсий даражада тасдиқлаш устида ишламоқда. АҚШ расмийсининг айтишича, Байден маъмурияти уларни тўхтатиб туриш ва ҳарбий режаларига таъсир ўтказиш учун жума куни (Эрон ва Ҳизбуллоҳ жавоб зарбасини муҳокама қилаётган пайтда) АҚШ қўшинлари тўпланаётгани ҳақида эълон қилишга қарор қилган.

Мавзуга алоқадор