Боливия русларга ҳалол лама гўштини етказиб бериш таклифи билан чиқди, деб ёзмоқда Islam News. 

Қайд этилишича, аввалроқ, Россельхознадзор Боливия делегацияси лама гўштини Россияга экспорт қилишга қизиқиш билдираётгани ва ишлаб чиқарувчи ҳақида маълумот  беришга тайёрлигини билдирганди. Мамлакат президенти Луис Арсе Катакора ҳам Bolivia TV телеканалига берган интервьюсида Россияга қуритилган лама гўшти ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилиш таклиф қилинганини тасдиқлаган.  

"Боливия Россияга кофе доналари, консерваланган ананас, банан, қуритилган лама гўшти, шоколад ва бошқа маҳсулотларни етказиб беришни таклиф қилди", – деган Арсе журналистларга. 

Экспертларнинг фикрича, Россия бозорида лама гўшти савдосининг ортиши истиқболли, айни пайтда унинг нархи ҳам чўнтакбоп бўлиши керак. 

Москва муфтийси Илдар Алаутдинов ҳам  "агар ҳайвонни сўйиш Ислом ёки бошқа Иброҳим динлари қонунларига мувофиқ амалга оширилса, мусулмонларга лама гўштини истеъмол қилишга рухсат берилиши"ни маълум қилди. 

"Ламалар туя оиласига тегишли бўлиб, унинг гўштини истеъмол қилиш мумкин", – дейди муфтий. 

Россия мусулмонлари диний бошқармаси вакилининг қўшимча қилишича, федерацияда бундай ҳайвонлар ҳали ҳам ғайриоддий янгилик бўлиб, ламаларнинг гўшти фуқароларга экзотик кайфият бағишлайди.

Маълумот учун, Боливия ҳукумати фуқароларни кўпроқ лама гўштини истеъмол қилишга чақиради. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам мол, қўй гўштига муқобил сифатида истеъмолчиларга таомларда Марказий Анд минтақасида яшайдиган лама – сут эмизувчилар оиласига мансуб кичик туялар гўштидан фойдаланишни тавсия қилган.

Халқаро миқёсда ҳам сўнгги 10 йил ичида ламалар кўплаб машҳур ошпазлар эътиборига тушиб улгурган. Бу мазкур маҳсулот таркибида кўп миқдорда протеин борлиги ва ёғлилик даражаси камлиги билан изоҳланмоқда.

Мавзуга алоқадор