Туркия Миллий разведка ташкилоти (МİТ) ҳамда Истанбул полиция бошқармаси Разведка ва терроризмга қарши кураш бўлими томонидан ўтказилган махсус операцияда Исроил ташқи разведка хизмати – “Моссад”га алоқадор 34 киши қўлга олинди. Операция давомида “Моссад” жосуси экани гумон қилинган жами 46 киши аниқланган бўлиб, уларнинг айримлари хорижга кетган.
Аксарияти чет элликлар бўлган бу гумонланувчилар асосан қисқа муддатли тактик ишларга ёлланган ходимлар бўлган.

Операциялар давом этмоқда

Қайд этилишича, Исроил разведка хизматига алоқадор шахсларга қарши махсус амалиётлар 2021 йилда бошланган бўлиб, 2021-2022 йилларда 58 нафар чет эллик, 39 нафар Туркия фуқароси, жами 97 киши қўлга олинган. Илк босқичда улардан 51 нафарига қарши суд жараёнлари давом этмоқда.
Бундан ташқари, 2023 йил апрель ойида чет элда Исроил агентлари билан мунтазам учрашиб, Исроил разведкаси томонидан берилган вазифаларни бажариб келган Селчук Кучуккая ва унинг 16 кишилик тармоғи йўқ қилинди.
Охирги бўлиб Исроил разведка хизмати томонидан Малайзияда фаластинлик муҳандис Омар Албелбаисийни Малайзияда ўғирлашга қаратилган уринишларнинг Туркиядаги чораларига чек қўйилганди. 

Ишлаш усуллари фош қилинди

Операциялар орқали Исроил разведка хизматининг иш услублари ҳам фош қилинди.
Жумладан, Исроил разведка хизмати Туркияда фаластинликлар ва уларнинг оилаларига қарши ҳаракатларда фойдаланиш учун ходимлар ёллагани, бу ишлар доирасида Исроил разведкаси томонидан ижтимоий тармоқлар ёки гуруҳларда тафсилотлари очиқланмаган иш эълонлари ёхуд ҳаволалари эълон қилинган ҳолда зарур кишиларнинг ўзлари билан алоқага киришишлари таъминланган.
Исроил махсус хизмати ушбу реклама/ҳаволаларга жавоб берган одамлар билан Telegram ва WhatsApp иловалари орқали фақатгина ёзма услубда алоқа ўрнатилган.
Манбаларга амалга ошириладиган тўловлар учун эса воситачи/жонли курьердан, шунингдек, криптовалюта ва пул ўтказиш тизимларидан фойдаланилиб, пул изини йўқотишга ҳаракат қилинган. 
Ушбу ишчилардан фойдаланган ҳолда Исроил разведкаси маълумот тўплаш, таҳлил қилиш, нишонларнинг фото ва видеотасвирларини олиш, кузатиш, кузатувдагиларнинг транспорт воситаларига GPS қурилмаларини жойлаштириш, ҳужум қилиш/жароҳат етказиш, босқинчлик, қасддан ўт қўйиш, таҳдид ва шантаж каби операцион ишларни амалга оширган. Шунингдек, сайт, интернет нашр очиш ва бошқариш, ёлғон хабарларни тарқатиш каби дезинформацион фаолият ҳам юритилган. 
Булардан ташқари, Исроил разведкаси нишонларнинг IP манзилларини йиғиш, Туркиядаги хорижликлар учун маълумотлар базасини яратиш, кузатувдаги ҳудудларда кузатув камераларини қўлга киритиш ёки уларга кириш орқали кибер фаолиятни ҳам амалга оширган.

Турк разведкаси назарига тушмаслик учун хорижда учрашишган

Исроил разведка хизматининг турк разведкаси назарига тушмаслик ва ўз агентлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида зарур малакага эга деб ҳисобланган кишилар билан хорижда учрашгани аниқланди.
“Моссад” ижтимоий тармоқлар ва иш эълонлари сайтлари орқали эришган бу одамлар билан дастлабки алоқа унинг шахсий эҳтиёжлари ва манфаатларига мос ниқоблар ёрдамида ўрнатилган. Қайд этилишича, алоқага киришган киши хиёнат қилмаслиги ва руҳий хотиржам бўлиши учун катта миқдорда пул тўланган.

Ёлғон детекторида текширилган

Хориждаги учрашувларда ёлланган жосуслар билан ўша мамлакат аҳолисининг жисмоний хусусиятларига эга разведкачилар алоқага киришган, чет эл саёҳатларида ҳашаматли меҳмонхоналарга жойлаштирилган, люкс ресторанлар, махсус саёҳат дастурларига таклиф қилинган, шунингдек, улар ёлғон детекторлари орқали текширилган.
Маълум бўлишича, хорижда учрашган ходимларга тўловлар қўлда амалга оширилган, тўлов миқдори божхонада муаммо туғдирадиган даражада юқори бўлса, махфий бўлмачалари бўлган махсус ишлаб чиқилган сумкалар берилган. Ушбу сумкалардаги пулларни на рентген аппаратлари, на махсус ўргатилган итлар аниқлай олган.
Хориждаги учрашувларда ходимларга махфий хабар алмашиш сирлари ўргатилган ва улар махфий алоқа тизимлари билан таъминланган, шундан сўнг барча ишлар махсус хабар алмашиш тизими орқали амалга юритилган.
Таъқиб қилиш, кузатув, фото ҳужжатлаштириш, кейсинг (калит нусхасини олиш), ҳисобот бериш ва фаолият хавфсизлиги бўйича тренинглар Исроилдан келган махсус гуруҳ томонидан ўтказилган.
Тактик ходимлар қўшимча равишда Эрон ва Ироқ чегарасидан Туркияга одам ва товарларни олиб ўтиш, компьютер хакерларини топиш, "хавфсиз уй/safe house" билан таъминлаш, махсус операцияларда фойдаланиш учун тез ёрдам ширкати билан келишиш каби ишларни ҳам амалга оширган.
“Моссад”га алоқадор шахсларга қарши амалиётлар келгусида ҳам давом эттирилиши маълум қилинди.

Мавзуга алоқадор