Британиянинг Плимут шаҳрида муҳожирлар ва мусулмонларга қарши тартибсизликларни амалга оширган ўта ўнг гуруҳнинг олти нафар аъзоси қўлга олинди. Бу ҳақда “Анадолу” маҳаллий полиция баёнотига таяниб хабар қилди.

Баёнотга кўра, тўқнашувлар чоғида ирқчиликка қарши параллель намойишда радикалларни иштирокчилардан ажратиб турган полиция ходимлари яраланган.

Ўта ўнглар полицияга қарши тош, шиша ва бошқа нарсаларни улоқтирган.

Британияда бир неча кундан бери тартибсизликлар давом этмоқда. Намойишларнинг илҳомлантирувчиси ва ташкилотчиси “Инглиз ўзини ўзи ҳимоя қилиш лигаси” ўта ўнгчи гуруҳи ҳисобланади.

Тартибсизликларга 29 июль куни Саутпорт шаҳрида угандалик мусулмон бўлмаган оиланинг 17 ёшли ўғли пичоқ билан болалар рақс тўгарагига ҳужум қилгани ортидан бошланиб кетди. Мазкур ҳужум натижасида уч нафар бола қурбон бўлди, яна саккиз нафар бола жароҳат олди.

Ўта ўнгчилар воқеа ҳақида нотўғри маълумотлар, жумладан, гумонланувчи мусулмон давлатидан келган муҳожир эканлиги ҳақидаги ёлғон даъволарни тарқатишди. Полиция бу маълумотларни инкор этишига қарамай, намойишлар давом этди.

Намойишлар чоғида ўта ўнгчи экстремистлар Сандерленддаги масжидга ҳужум қилиб, полиция бўлимини ёқиб юборган. Ўнг қанот радикаллар мамлакатнинг бошқа шаҳарларидаги масжидлар ва мусулмон марказларига ҳам ҳужум қилди.

Мавзуга алоқадор