Янги йўналиш бўйича қатновчи биринчи юк поезди Хитойдан Ўзбекистонга етиб келди. Бу ҳақда «Ўзтемирйўлконтейнер» компанияси матбуот хизмати хабар берди.

Хитойнинг Жинхуа шаҳридан йўлга чиққан 50 та контейнер, жумладан, саноат ускуналари ва йиғма юклари ортилган поезд Ўзбекистоннинг Назарбек станциясига муваффақиятли етиб келди.

Мазкур янги йўналишнинг узунлиги 6250 километр бўлиб, поезд Қозоғистоннинг Олтинкўл бекати орқали бу масофани 12 кунда босиб ўтди. Ушбу рейс янги Жинхуа - Назарбек йўналишидаги биринчи рейс бўлди.

Келгусида «Назарбек» ва «Урганч» станциялари ўртасида қатновчи тезюрар контейнер поездлари Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига ҳам юкларни етказиб беришда фойдаланилади. Бунинг учун Ўзбекистон темир йўлларига тегишли махсус платформалардан фойдаланилади.

Янги темир йўл йўналишининг очилиши Хитой ва Ўзбекистон ўртасида юк ташишни сезиларли даражада тезлаштиради ва арзонлаштиради, икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Мавзуга алоқадор