БМТ Судандаги вазиятни ўнглаш учун ҳар йили зарур бўлган 2,7 миллиард долларлик режанинг атиги 30 фоизи молиялаштирилмоқда.

Суданда 23 миллион киши етарли озиқ-овқатга эга эмас, 750 минг киши очлик ёқасида. Бу ҳақда 23 июль, сешанба куни Нью-Йоркда бўлиб ўтган кунлик брифингда БМТ вакили Стефан Дюжаррик айтиб ўтди.

Унинг таъкидлашича, Судан халқи "энг ёмон сценарий"га дуч келмоқда.

Дюжаррик Судандаги гуманитар режа учун ҳар йили зарур бўлган 2,7 миллиард долларнинг атиги 30 фоизи молиялаштирилаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Суданда 23 миллион киши етарли даражада озиқ-овқатга эга эмас, бу Австралия аҳолисига тенг.

Дюжаррикнинг айтишича, бу мамлакатда яна 750 минг киши очарчилик ёқасида турибди ва ёмғирли мавсум келиши билан вазият янада ёмонлашади.

Судан дунёдаги энг йирик кўчиш ва очлик инқирозига дуч келмоқда

Судан армия ва ҳарбийлашган Тезкор Ҳаракат Кучлари ўртасида 15 ойдан буён давом этаётган тўқнашув туфайли дунёдаги энг йирик кўчиш ва очарчилик инқирози вужудга келган.

Судандаги тўқнашувлар натижасида ҳалок бўлганлар сони бугунги кунда 16 минг кишига баҳоланмоқда. Бироқ соғлиқни сақлаш тизимининг қулаши туфайли бу кўрсаткич анча юқори бўлиши мумкин, деб ишонилади.

БМТ Халқаро Миграция Ташкилоти (ХМТ) маълумотларига кўра, Суданда жанглар бошланган 2023 йилнинг апрелидан бери 7 миллион 200 минг 119 киши ўз уйини ташлаб кетган.

БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ)нинг маълум қилишича, Судан дунёдаги энг кўп - 5 миллион кўчирилган болаларга эга мамлакатдир.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Адҳаном Гебреесус фуқаролар уруши давом этаётган Суданда ҳар беш кишидан бири фавқулодда вазият даражасида озиқ-овқат танқислигини бошдан кечираётганини таъкидлади. 

Мавзуга алоқадор