Мудофаа вазирлиги чоршанба куни маълум қилишича, 2001 йил 11 сентябрь куни Ал-Қоиданинг Қўшма Штатларга қарши ҳужумларини уюштирганликда айбланган Холид Шайх Муҳаммад ўз айбини тан олишга рози бўлди.

Муҳаммад ва унинг икки шериги Валид бин Атташ ва Мустафо Ал-Ҳавсавий келаси ҳафтанинг бошида ўз айбларини Кубадаги Гуантанамодаги ҳарбий комиссияга тақдим этиши кутилмоқда.

Пентагон расмийлари айблов битимлари шартларини ошкор қилишдан бош тортди. АҚШнинг бу шахслар билан келишуви Ал-Қоида ҳужуми учун жиноий иш қўзғатилганидан 16 йил, Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази ва Пентагонга ҳужум саҳнаси уюштирилганидан 20 йилдан ортиқ вақт ўтиб тузилгани ғалати.

Мазкур ҳужум президент Жорж Буш маъмуриятининг террорга қарши уруш баҳонасида АҚШнинг Ироқ ва Афғонистон, шунингдек, Яқин Шарқнинг бошқа ҳудудларида қирғинбарот урушлар, кўп йиллик ҳарбий амалиётларини бошлашига сабаб бўлди.

АҚШнинг ҳужумлари иккита давлатда ҳукуматнинг ағдарилиши, турли жамоаларнинг ўзаро қонли жангларга киришиб кетиши ва мамлакатларнинг вайрон бўлиши, 2011 йилда Яқин Шарқдаги авторитар ҳукуматларга қарши халқ қўзғолонларини илҳомлантиришда роль ўйнади.

АҚШ ҳукумати самолётлардан қурол сифатида фойдаланиш ғоясининг манбаи сифатида Муҳаммадни кўрсатмоқда. Айтилишича, у 2011 йилда АҚШ қўшинлари ўлдирган Ал-Қоида етакчиси Усама бин Ладендан 11 сентябрь воқеаларини амалга ошириш учун рухсат олган.

Муҳаммад АҚШ томонидан 2003 йилда қўлга олишган. Гуантанамога келишидан олдин Марказий разведка бошқармаси ҳибсхонасида бўлганида 183 марта турли қийноқлар ва мажбурий сўроқларга дучор бўлган.

АҚШнинг Гуантанамо концлагеридаги тизимли қийноқлар суд жараёнининг узоқ муддатларга чўзилишига сабаб бўлди.

Amnesty International USA ҳуқуқ ташкилоти директори Дафне Эвиатар чоршанба куни ҳужумлар учун жавобгарлик ҳақидаги хабарни олқишлашини айтди. У Байден маъмуриятини терроризмга қарши уруш баҳонасида одамларни сақлаётган Гуантанамо қамоқхонасини ёпишга чақирди. Бу ерда кўпчилик маҳбуслар оқланган, аммо бошқа мамлакатларга бориш учун рухсатини кутишмоқда.

Бундан ташқари, Эвиатар "Байден маъмурияти Қўшма Штатларда мажбурий йўқолишлар, қийноқ ва шафқатсиз муомалалар бошқа ҳеч қачон амалга оширилмаслигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўриши керак", деди.

Мавзуга алоқадор