Йўлда нималар бўлмайди... 
Биз машинасига ўтирган киракаш ҳайдовчи яна ҳамроҳ топиб келди: қиз ва йигит. Қўл ушлашиб олган. Йигит: “Ҳозир қайтамиз”, деди-ю, икковлон панароққа ўтиб кетишди. Кўп ўтмай яна қўл ушлашиб қайтишди. Йигит қизни кузатиб қўйишга чиққан экан...
Йўл бўйи кўп жойда тўхтаб ўтдик. Кимларнидир, нималарнидир кутдик. Манзилга анча кеч – ярим тунда етиб боришимиз аниқ бўлди. Табиийки, олдин ўша қизни уйига ташлаб қўйиш керак...
Дарвоза очилиб, қизнинг онаси чиқди-ю, ҳайдовчини уриша кетди: “Қанақа одамсиз, ўзи? Юрагим ёрилай деди-ку!..” Боласини интиқиб кутиб хавотир олган онанинг аҳволини тушунди, чоғи, ҳайдовчи узр сўраган бўлди: “Йўл узоқ. Анча кутишга тўғри келди. Сизни ҳам хавотирга қўйдик...” “Нега телефон қилиб қўймайсиз?” энди ошкора ўшқиришга ўтди аёл. Гапи ўзига таъсир қилди, шекилли, қизига юзланди: “Нега телефон қилиб айтиб қўймайсан?” “Заряди тугаб...” Қиз гапини тугатар-тугатмас аёл яна ҳайдовчига сапчиди: “Уйингга телефон қилиб қўй, деб айтмайсизми? Қаерликсиз? Қайси мактабни битиргансиз? Сизга ўргатишмаганми?” Ҳайдовчи босиқ одам экан, яна узр сўраб вазиятни юмшатишга ҳаракат қилди. Аёл эса яна нималарнидир минғирлаб дарвозани ёпди. 
Мен ҳайрон эдим. Йўл-йўлакай қиз кимгадир “Ҳали етмадим”, “Оз қолди”, “Келиб қолдик” деб тушунтириш бериб келганди. Энди эса... индамай кириб кетди. Ҳамроҳ аёлга сув олиб чиқиш ҳақидаги ваъдаси ҳам эсидан чиқди.
Биз қизини фаришта қилиб кўрсатаётган жонсарак онани озми-кўпми тушунар, бироқ ўзини онаси олдида фариштадай тутаётган қизни ҳеч тушунмасдик...
Беҳзод

Мавзуга алоқадор