Миллат ўзи нима?
Биз “миллат”, “миллийлик”, “миллий қадриятлар”, “миллий урф одатлар” ҳақида кўп гапирамиз, бироқ ушбу тушунчаларни ўз ўрнида ишлатамизми? “Миллийлик” деганда аслида нимани тушунишимиз керак? Миллатимизга хос бўлган хусусиятлар нималардан иборат? Бугун ана шу саволларга жавоб қидирамиз.
“Миллат”, “ўзлик”, “қадрият” ва “маданият” каби тушунчалар турли соҳа вакиллари ёки шахсларнинг дунёқарашига қараб турлича талқин қилиниши мумкин. Масалан, “миллат” тушунчасини бир олим “этник гуруҳ“ ёки “этносиёсий бирлик“ сифатида талқин қилса, бошқа бир олим уни “маданий бирлик“ сифатида талқин қилиши мумкин.
Келинг, аввал “миллат” сўзининг келиб чиқишига назар ташлайлик. Ушбу сўз қадимги иброний ва оромий тилларидаги “милал” сўзидан олинган бўлиб, “гапирмоқ, айтмоқ”, деган маънони, “милла” сўзи эса “сўз, гап”, деган маънони англатади.
Ҳудди шундай, араб тилидаги “ёздириш” маъносини берувчи “имло” сўзидан олинган “миллат” сўзи ҳам “эшитилган, ёзиб олинган, ўқиб олинган нарсаларга асосланиш ёки унга эргашиш”, деган маънода ишлатилади. Юртимиздан етишиб чиққан, араб тилшунослиги ва луғатшунослиги бўйича етук олим Маҳмуд Замахшарий ҳам бу сўзни “юрилаётган, эргашилаётган йўл” мазмунида қўллаганлар.
Демак, “миллат“ сўзи қадимдан “кўрсатилган йўл, чизиб берилган чизиқ, эргашилаётган ҳаёт тарзи“ни ифодалаган. Айнан шу нуқтаи назардан ўз даврида шарқ мутафаккирлари “ислом миллати”, “насроний миллати”, “яҳудий миллати”, “мажусийлар миллати” каби бирикмалар орқали жамият ва шахснинг қайси тартиб-қоида, ижтимоий нормалар, эътиқод ва таълимотларга, аниқроғи динга эргашаётганини назарда тутишган.
Муқаддас Қуръони каримда ушбу сўз Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқуб пайғамбарларга нисбатан ҳам қўлланилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлган дин “Иброҳимнинг миллати” ибораси, шунингдек, ҳанифлик ва тўғри йўл сифатлари билан таърифланган. Бир оятда насронийлик дини “охирги миллат” сифатида тилга олинган бўлса, бошқа оятларда ботил динларга нисбатан ҳам “миллат” сўзи қўлланилган.
Ҳадиси шарифларда “миллат” сўзи “туғма эътиқод“, “табиат ва фитрат“ маъносида ҳам келган. Ҳар бир бола ягона миллатда – фитратда туғилиши, аммо кейинроқ ота-онаси уни ўзгача эътиқодда тарбиялаши ҳақидаги ҳадислар бунга мисол бўла олади.
Исломий адабиётларда “миллат“ ибораси “Аллоҳ таолонинг бандалари учун юборган китоблари ва пайғамбарлар орқали белгилаган асослари” кўринишида таърифланиб, дин ва шариат маъноларини билдирган.
Улуғ Ислом мутафаккири Абу Ҳомид Муҳаммад Ғаззолий “инсон зотининг мавжудлиги бардавом бўлиши учун унинг муайян, адолатли ва бирлаштирувчи асосга таянган, ўзаро ёрдам, ҳимоя, хулқ-атвор ва ўзаро муносабатлар тўғри бўлган жамиятда яшашга муҳтож экани“ни айтади. Имом Ғаззолий ана шундай жамиятни шакллантирувчи, уни барпо этувчи асосларнинг “миллат” деб аталишига урғу берган.
Муҳаммад Шаҳристоний эса одамзотнинг бу дунёда яшаб, охиратга тайёргарлик кўриши учун биргаликда яшашга муҳтожлиги, мазкур ижтимоий тузилма ўзаро ёрдам ва ҳимояни таъминлайдиган шаклда бўлиши лозимлиги ва унинг “миллат” дейилиши ҳақида ёзган.
Хулоса ўрнида, “миллат” деб, инсонларни ўз атрофида бирлаштира оладиган ва унинг ижтимоий мавжудлигини таъминлайдиган асосий қоидалар, анъаналар, қадриятлар, ижтимоий нормалар ва ҳаёт тарзига айтилади. Шунга кўра, ушбу жамиятда яшаётган шахсларни “миллат” эмас, балки “жамият”, “халқ”, “уммат” ёки “миллатдош” деб аташ тўғрироқ бўлади. Миллат – йўл, миллатдош – ўша йўлдаги йўлдош.
Шунингдек, ўн тўққизинчи асрнинг охиридан бошлаб Ғарбда пайдо бўлган “nation” атамаси дастлаб ўзбек тилига “фирқа”, “тоифа” сифатида таржима қилинган, бироқ кейинчалик замонавий ўзбек тилида уни “миллат” сўзи билан ифодалаш урфга айланди.
Шундай қилиб, “миллат” атамаси мумтоз манбаларимиздаги асл мазмунидан узоқлашиб, тўлиқ ижтимоий ва сиёсий тушунчага айланди.
Хўш, сизнингча ўзбек миллати бугун қандай адолатли асослар атрофида жамланиши керак? Биз эргашадиган энг тўғри йўл, миллат қандай бўлиши лозим? Бизнинг йўлимиз – миллатимиз нима-ю, ушбу йўлдаги йўлдошларимиз - миллатдошларимиз кимлар?
© Тарих ва сиёсат