Тинчлик учун Нобел мукофоти совриндори Муҳаммад Юнус Бангладеш бош вазири Шайх Ҳасина Вожид ҳукуматга қарши намойишлар ортидан мамлакатни тарк этганидан сўнг ўтиш даври ҳукумати раҳбари этиб тайинланди. Бу ҳақда Dhaka Tribune хабар қилди.

Расмиш вакил Муҳаммад Юнус Бангладеш президенти Муҳаммад Шаҳобиддин ва талабаларнинг камситишга қарши ҳаракати етакчилари ўртасидаги учрашувдан сўнг муваққат ҳукумат раҳбари этиб тайинланганини тасдиқлади.

Расмий, шунингдек, ўтиш даври ҳукуматининг қолган аъзолари турли сиёсий партиялар билан маслаҳатлашувлардан сўнг аниқланишини таъкидлади.

Юнус намойишчиларнинг илтимосига ижобий жавоб берди

Талабалар норозилик намойишлари мувофиқлаштирувчиларидан бири Наҳид Исломнинг билдиришича, улар Нобел мукофоти совриндори Муҳаммад Юнуснинг мамлакатда тузилиши режалаштирилган ўтиш даври ҳукуматига раҳбарлик қилишини исташларини айтган.

Юнус маркази директори Ламия Моршеднинг айтишича, Муҳаммад Юнус ҳозир Парижда ва тез орада Даккага қайтади. У талабаларнинг илтимосига ижобий жавоб берди.

“Бунча қурбонлар берган талабалар мендан бу оғир даврда вазиятга аралашишимни сўрашаётган бўлса, мен қандай қилиб рад этаман?” – деди у.

Муҳаммад Юнус ким?

84 ёшли Муҳаммад Юнус узоқ вақтдан бери Ҳасинанинг рақиби ҳисобланган, “камбағаллар банкири” сифатида танилган.

Нобел мукофоти совриндори Юнус Бангладешда кўплаб молиявий айбловлар билан қамоққа ташланган. У Шайх Ҳасина билан совуқ муносабатлари туфайли ҳужумлар нишонига айланган.

АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама, БМТ собиқ бош котиби Пан Ги Мун ва бошқа кўплаб таниқли шахсларни ўз ичига олган гуруҳ Шайх Ҳасинага хат ёзиб, Юнусга қарши суд жараёнини тўхтатишни сўраган.

Муҳаммад Юнус 2006 йилда Grameen банкига асос солган ва унинг кашшоф фаолияти учун Тинчлик учун Нобел мукофоти билан тақдирланган. 

Мавзуга алоқадор