АҚШ президенти маъмурияти расмийлари Оқ уйнинг Ғазо секторига бостириб кирган Исроилни сўзсиз қўллаб-қувватлаши Жо Байденнинг мамлакат ичкарисида ва хориждаги обрўсига путур етказиши мумкинлигидан хавотирда. Бу ҳақда TheWashington Post газетасининг юқори мартабали манбалари маълум қилди.

Уларнинг айтишича, Биньямин Нетаняху ҳукуматига ёрдам АҚШ сиёсати учун қимматга тушиши мумкин, чунки мамлакат иттифоқчилари ва ҳамкорлари Оқ уйнинг фаластинликларни ҳимоя қилишдан бош тортаётганидан тобора норози бўлиб бормоқда.

"Дипломатик бадали сезиларсиз бўлиши мумкин, - дея суҳбатдошларидан бирининг сўзларини келтиради The Washington Post. - Аммо кўплаб мамлакатларда жамоатчилик фикри душманона бўлса, ташвиш туғдирадиган масалаларда қўллаб-қувватлаш қийинлашади".

Бу Вашингтоннинг "минтақа ва бошқа жойларда" яккаланиб қолишига олиб келиши мумкин, дейди манбалар. Уларнинг қайд этишларича: Нетаняху ҳукумати АҚШнинг ўзи ҳам Исроилни қўллаб-қувватловчи позициясидан азият чекаётганини тушуниши, шунинг учун фаластинликлар аҳволи масаласи кун тартибига қайтарилиши керак.

Сўнгги пайтларда Оқ уй, Давлат департаменти ва бошқа бир қатор ҳукумат идораларидаги баъзи расмийлар АҚШнинг Исроил ҳаракатларини сўзсиз қўллаб-қувватлашига очиқдан-очиқ эътироз билдира бошладилар ва бу тенденция Америка раҳбарияти учун жиддийроқ оқибатларга олиб келиши мумкинлигини айтишмоқда.

Мавзуга алоқадор