Салафлар қалб ҳақида
Тобеинлардан Мужоҳид ибн Жабр раҳимаҳуллоҳ айтади:
"Қалбни инсон кафтига менгзатса бўлади; киши бир гуноҳ
қилса қалбидан бир бармоқ букилади, яна бир гуноҳ қилса яна бири ҳатто, ҳамма
бармоғи букилгач, муштдек қотади-да, кейин унга муҳр урилади..." Ҳилятул
авлиё китоби, 3/282.
* * *
Макҳул Димашқий раҳимаҳуллоҳ:
"Энг кам гуноҳ қилганлар энг қалби юмшоқ
кишилардир". Имом Аҳмаднинг Зуҳд китоби, 463-бет.
* * *
Умар ибн Солиҳ раҳимаҳуллоҳ: "Аҳмад ибн Ҳанбалдан
сўрадим:
- Қалб нима билан юмшайди?
Менга қараб-қараб тургач, жавоб берди:
- Нима билан бўлар эди, ҳалол ейиш билан". Табақотул
ҳанобила, 1/219.
* * *
Яҳё ибн Муоз раҳимаҳуллоҳ:
"Қалблар озуқаси зикр (Аллоҳнинг зикри), ақллар озуқаси
фикрдир". Тарихи Бағдод, 2/136.
* * *
Масруқ ибн Аждаъ раҳимаҳуллоҳ:
"Кимки қалби ичидаги кечинмаларига Аллоҳни назоратчи
қилса, Аллоҳ уни хатти-ҳаракатларида муҳофаза қилади". Сифатус сафва,
4/368.
* * *
Яҳё ибн Муоз раҳимаҳуллоҳ:
"Қалблар худди қайнаб турган қозонга ўхшайди, чўмичлари
эса тиллардир. Кишининг нима дейишига боқинг, чунки унинг тили қалбида қайнаб
турган нарсани беради: ширин бўлсин, нордон бўлсин, аччиқ бўлсин, чучук
бўлсин". Ҳилятул авлиё, 10/63.
* * *
Иброҳим Хаввос раҳимаҳуллоҳ:
"Қалб давоси беш нарсадир: Қуръонни тадаббур ила
(оятлар мағзини чақиб) ўқиш, қоринни холи-оч қилиш, тунги намоз, саҳарги
тазарру, солиҳлар билан ўтириш". Заммул ҳаво, 70-бет.
* * *
Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ:
"Тақво ва акси бўлмиш фужурнинг асоси қалбдир. Қалб
иффатли бўлиб тақво қилса, аъзолар ҳам покизалашади, қалб бузилса, аъзолар-да
бузилади". Жомиул улуми вал ҳикам, 1/229.
Эй Раббим! Ўзинг қалбимизни ислоҳ қил! Омин.