Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ўғли Шувал Бен Гвирнинг Х ижтимоий тармоғида АҚШ президенти Жо Байденни масхаралаб ёзган пости учун узр сўради.

“Шувал – ўғлим, менинг энг севимли инсоним. Аммо бугун кечқурун у твитда мен мутлақо ёқламайдиган жиддий хатога йўл қўйди. Америка Қўшма Штатлари – бизнинг буюк дўстимиз, президент Байден эса Исроилнинг дўсти. Хатти ҳаракатларини ёқламасам ҳам, Худо ҳаққи, бу ерда беписанд усулга ўрин йўқ. Инсонийликка ҳурмат, бу – пойдевор ва мен фарзандларимни шундай тарбиялайман. Ўғлимнинг сўзлари учун узр сўрайман”,   деб ёзди у Х ижтимоий тармоғида. 

Миллий хавфсизлик вазирининг ўғли Шувал Бен-Гвирнинг аввалроқ Жо Байден суратини илова қилиб ёзган твити қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган эди. 

“Ушбу қийин пайтларда Альцгеймер, кексаликда ақлий салоҳиятнинг пасайиши ва деменция (хотира, фикрлаш ва кундалик ишларни қилиш қобилиятига таъсир кўрсатувчи бир нечта касалликлар жамланмаси – Azon Global)нинг асосий сабабчиси бўлган дегенератив мия касаллиги ҳақидаги хабардорликни ошириш муҳимдир. Бу инсоннинг иш фаолияти ва ўзини  тута билишига зарар етказувчи оғир касаллик”, - деб ёзганди. 

Бен-Гвирнинг ўғли кейинроқ твитни ўчириб ташлади, отаси эса ўғлининг қилмиши учун кечирим сўради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Итамар Бен-Гвир Байден маъмуриятини Исроилнинг уруш ҳаракатларига зарар етказишда айблаган эди.

Мавзуга алоқадор