Афғонистоннинг Уммондаги элчихонаси қайтадан ўз фаолиятини бошлади. Бу ҳақда сешанба куни Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди, дея хабар бермоқда Associated Press. 

“Элчихона иши одатдагидек Афғонистон Ислом Амирлиги Ташқи ишлар вазирлиги дипломатлари томонидан олиб борилмоқда”, деди Афғонистон ТИВ матбуот котиби Зиё Аҳмад Такал. 

“Элчихона ишининг мезбон давлат билан келишилган ҳолда тикланиши Кобул ва Маскат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва диний алоқаларни мустаҳкамлашда конструктив рол ўйнайди”, дея қўшимча қилди у. 

Қайд этилишича, элчихонанинг очилиши "Толибон" ҳукумати ва Форс кўрфази давлатлари ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланаётганидан далолат беради. 

Уммон Ташқи ишлар вазирлиги ёки мамлакат давлат матбуоти элчихона очилиши ҳақидаги маълумотни тасдиқламади. 

Ўтган ой БААда Афғонистон дипломатик ваколатхонаси очилган эди.  

Ҳозирда дунё бўйлаб 39 та афғон дипломатик ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда.

Мавзуга алоқадор