Владимир Путин қасамёд қабул қилиб, Россия Федерацияси президенти лавозимига киришди, деб хабар бермоқда Кремль сайти.
Давлат Думаси депутатлари ва Россия Федерацияси Конституциявий суди судялари иштирокида Владимир Путин Россия халқига қасамёд қилди.

РФ президенти Россия халқи билан биргаликда Россия ушбу қийин, муҳим даврни босиб ўтишига, янада кучлироқ бўлишига ҳамда " ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган узоқ муддатли режалар ва кенг миқёсли лойиҳаларни" албатта амалга оширишига ишонч билдирди.
“Биз Россияни ишончли ва ҳалол ҳамкор деб биладиган барча давлатлар билан яхши муносабатларни мустаҳкамлаш учун очиқ бўлганмиз ва шундай бўлиб қоламиз. Ва бу ҳақиқатан ҳам глобал кўпчилик. Биз Ғарб давлатлари билан мулоқотдан бош тортмаймиз. Танлов уларники: улар Россия тараққиётини тўхтатишга уринишда давом этмоқчими, босқинчилик сиёсатини, мамлакатимизга йиллар давомида тинмай босим ўтказишни давом эттириш ниятидами ёки ҳамкорлик ва тинчлик йўлини излаш ниятидами”, — деди Путин.

У, жумладан, хавфсизлик ва стратегик барқарорлик масалалари бўйича ҳам мулоқот бўлиши мумкинлигини таъкидлади. "Аммо кучларнинг такаббурлик, димоғдорлик ва шахсий устунликлар позициясидан эмас, балки фақат тенг шароитларда, бир-бирининг манфаатларини ҳурмат қилган ҳолда", - дея таъкидлади Россия президенти.

“Евросиё интеграцияси бўйича ҳамкорларимиз, бошқа суверен ривожланиш марказлари билан биргаликда кўп қутбли дунё тартибини, тенг ва бўлинмас хавфсизлик тизимини шакллантириш устида ишлашни давом эттирамиз. Тез ўзгариб бораётган мураккаб дунёда ўзимизни ўзимиз таъминлашимиз ва рақобатбардош бўлишимиз, тарихимизда бир неча бор содир бўлганидек, Россия учун янги уфқларни очишимиз керак”, — дея қўшимча қилди у.

Айни пайтда, Россия президентининг қасамёд қабул қилиш маросимида қатнашиш-қатнашмаслик масаласи Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасида баҳс ва бўлинишларга сабаб бўлди. Spiegel журналининг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, Франция, Венгрия ва Словакия Москва билан алоқа каналларини очиқ сақлаш учун Путиннинг қасамёд маросимига ўз вакилларини юборишини маълум қилган. Бироқ Германия ва бошқа Европа Иттифоқи давлатлари иштирок этишни номақбул деб ҳисоблади.

Европа Иттифоқининг Москвадаги расмий вакили ҳам маросимда иштирок этишдан бош тортди. Британия ҳам маросимга ўз вакилини юбормади. Худди шундай қарор AҚШда ҳам қабул қилинган, деди Давлат департаменти.

Россия президенти Владимир Путин инаугурациясига Москвада аккредитациядан ўтган барча дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари расман таклиф этилган.
Эслатиб ўтамиз, март ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларида амалдаги давлат раҳбари 87,28 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Владимир Путин РФ президенти лавозимида яна олти йил – 2030 йилгача фаолият кўрсатади.

Маълумот учун, бу 72 ёшли Путиннинг давлат раҳбари сифатида бешинчи муддатга сайланиши. Aввалги – 2000, 2004, 2012 ва 2018 йиллардаги қасамёд маросимлари ҳам 7 май куни бўлиб ўтган.

Мавзуга алоқадор