Ғазодаги терактлардан сўнг Исроил бош вазири Беньямин Нетаняху АҚШ маъмуриятига ҳар қандай кўринишдаги Фаластин давлати ташкил этилишига қарши эканлигини айтди. Бу ҳақда у Тел-Авивдаги матбуот анжуманида маълум қилди.

Биз “Ҳамас устидан ҳал қилувчи ғалаба”га эришмагунимизча, Ғазо секторига ҳужумларни давом эттирамиз, деган бош вазир.

Америка оммавий ахборот воситаларида "Вашингтон маъмурияти Нетаняхудан кейин Фаластин давлатини яратишга тайёргарлик кўрмоқда" сарлавҳали хабарлар ҳақидаги саволга Исроил бош вазири шундай деб жавоб берди:

“Нетаняхудан кейинги кун. Кўпчилик Исроил фуқаролари учун бу кейинги кун. 30 йил давомида мен доимий равишда бир нарсани айтдим: бу можаро давлатнинг йўқлиги ҳақида эмас, балки унинг мавжудлиги ҳақидадир”.

Нетаняху халқаро ҳамжамият, жумладан, БМТ томонидан қабул қилинган икки давлат таклифларини рад этишини такрорлади. Унинг сўзларига кўра, ушбу позициясини АҚШ маъмуриятига етказган.

Нетаняхунинг таъкидлашича, Ғазога ҳужумлар тўхтатилгач, Исроил Иордания ғарбидаги барча ҳудудларни назорат остига олиши керак: “Бу суверенитет ғоясига зид. Лекин нима қила оласиз?”

Америка матбуотига кўра, Исроил бош вазирининг салбий муносабати Нетаняху ва АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти ўртасидаги келишмовчиликлар кучайиб бораётганидан далолат беради, улар Исроил ҳукуматининг амалдаги раҳбарининг кетишига ҳозирданоқ тайёргарлик кўришни бошлаган.

Ўтган ҳафта АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Саудия Арабистони ва бошқа тўрт араб давлати билан Ғазо секторини реконструкция қилишни молиялаштиришга келишиб олди. Ар-Риёд ва номлари ошкор қилинмаган бир қанча араб давлатлари ҳам “Ғазо секторидаги Фаластин ҳукуматини ислоҳ қилишни қўллаб-қувватлашга тайёр” экани хабар қилинган.

Мавзуга алоқадор