Жо Байден Америка Қўшма Штатларида ноябрь ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида иштирок этмайди. Бу ҳақда у 21 июль куни Х ижтимоий тармоғида эълон қилинган мактубида билдирди.

«Президентингиз сифатида хизмат қилиш ҳаётимдаги энг катта шарафдир. Мен қайта сайланиш ниятида бўлсам-да, ўз партиям ва мамлакатим манфаатларига кўра, номзодимни рад этишим ва қолган муддат давомида фақат президентлик вазифамни бажаришга эътибор қаратишим керак деб ҳисоблайман», — деди у америкаликларга мурожаатида.

Учинчи маротаба коронавирусга чалинган 81 ёшли Байден яқин кунларда телевидение орқали халққа мурожаат қилишга ваъда берди.

Кўп ўтмасдан вице-президент Камала Харрис Демократик партиядан АҚШ президентлигига номзод эканини эълон қилди.

Эсингизда бўлса, аввалроқ демократлар партиясининг сайловолди кампаниясига маблағ ажратувчи кўплаб миллиардерлар Байденнинг аҳволидан хавотирда экани ҳақида ёзгандик. Норозилик ва танқидлар айниқса 27 июнь куни республикачилар вакили, собиқ президент ва миллиардер Дональд Трамп билан бўлиб ўтган дебатлардаги мағлубиятидан сўнг авж олди.

Хўш, Жо Байденнинг президентлик пойгасидан чиқиши ва ўрнини аёл киши эгаллаши, демократлар ғолиб келган тақдирда ҳам, АҚШ сиёсатининг ўзгаришига сабаб бўладими? Ёхуд мамлакат бошқаруви Дональд Трамп тимсолида республикачилар қўлига ўтиши нимани ўзгартиради?

Бу саволларга олдиндан аниқ жавоб бериш қийин, аммо АҚШнинг яқин ва узоқ ўтмишига бир қур назар ташлаб, тахминий хулосаларни чиқариш мумкин. Ҳа, Америкада шахслар ҳеч нарсани ўзгартира олмайди, ўзгартиришга уринганлари эса 1963 йил 22 ноябрда мамлакатнинг 35-президенти Жон Кеннеди каби отиб ташланади. Тўғри, ушбу қотилликнинг турли конспирологик тахминларга алоқадорлиги исботини топмаган, бироқ Кеннедининг совуқ урушга барҳам бериш, Собиқ Иттифоқ билан ядровий амалиётларни қисман чеклаш бўйича келишувга эришгани, Вьетнамдан қўшинларни олиб чиқиш каби режалари “уруш ва қондан нафас олувчи”, президентлик пойгаларини молиялаштириб, кучли лобби ҳосил қилган миллиардерлар, қурол-яроғ ишлаб чиқарувчилари ва тужжорларига ёқмаслиги аниқ.

Юқорида тилга олинган “Байдендан норози миллиардерлар” ҳамон АҚШ сиёсатини “чизиб”, “ўлчаб” беришмоқда. Бироқ мамлакат сиёсати, умуман олганда тақдири фақат бир гуруҳнинг қўлида қолган эмас. Кучли қарши томон ҳам бор – республикачилар. Яъни, айни пайтда Дональд Трамп тарафдорлари.

Республикачилар вакиллари президентлик қилган даврларга бир назар ташланса, улар кўпроқ Американи кучлироқ ва бойроқ кўришни хоҳалашади, деган тасаввурни уйғотишади. Яъни, АҚШ улар даврида турли халқаро можаролардан узоқлашиб, кўпроқ ички масалаларини ҳал қилишга урғу қаратишади. Масалан, 1973 йил 27 январь куни республикачилардан Ричард Никсон 15 йил давом этган ва АҚШнинг мағлубияти билан тугаган Вьетнамдаги қирғинбарот урушини тўхтатиш тўғрисидаги Париж тинчлик келишувига имзо чекди. Кўп ўтмай, 1974 йил 8 август куни машҳур “Уотергейт иши” ортидан импичмент эълон қилиниб, муддатдан олдин ваколатини тамомлаган ягона АҚШ президентига айланди. Ҳа, миллиардерлар унга раҳм қилишганди.

АҚШ қонли панжаларини ёзган Ироқ ва Афғонистондаги урушлар ҳам айнан демократ президентлар томонидан бошлатилиб, республикачилар томонидан тугатилган (аниқроғи прокси урушларга айлантирилган). Эътибор беринг, АҚШнинг биринчи афроамерикалик президенти, демократ Барак Обама (унинг қайси динга эътиқод қилишини айтиш қийин, аммо мусулмон оиласида дунёга келгани ва диний амалларни бажармагани маълум –  муаллиф) даврида ҳам Америка қўшинлари Ироққа кенг кўламли ҳужумларни қайтадан бошлади.

Аммо юқоридагилар республикачилар яхши, демократлар ёмон деган маънони келтириб чиқармайди. Ҳар иккала фронт ҳам аслида кучли лоббилар томонидан бошқарилади, молиялаштирилади. Республикачиларнинг айниқса муҳожирларга нисбатан сиёсати қаттиқ бўлиб, мамлакатдаги миллионлаб мусулмон муҳожирлар учун ҳам тааллуқли бўлган чекловчи, депортация қилувчи тартибларни жорий этиши билан ажралиб туради. Шундай бўлса ҳам, айтиш жоизки, агар Дональ Трамп президентликка сайланса, катта эҳтимол билан шундай бўлади, Украина ва Фаластиндаги урушлар барҳам топиши мумкин. Трампнинг бу борадаги баёнотлари ҳар ҳолда шунга ишора қилмоқда. Камала Харрис эса амалдаги президент ва демократлар сиёсатини давом эттиради.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қон ва қурол устига қурилган мамлакат қайсидир маънода бир гуруҳ қўлида урушса, иккинчисининг қўли остида кейинги қирғинбаротлар учун куч тўплаб, тайёргарлик кўради. Бироқ бир лаҳза бўлса ҳам ёвузлик ва зулм фикридан қайтмайди. Мусулмонлар эса ўзлигига қайтиши, Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутиб, бўлинмаслиги ва ўринларида собитқадам бўлишлари шарт. Аллоҳнинг каломини ўқиб-ўрганиб, ҳаётларини унинг асосида қуришлари лозим.  

Мавзуга алоқадор