Исроил армияси 2023 йил 7 октябрда ишғол остидаги Ғазо секторига уюштирган оммавий ҳужумлари давомида 4 минг ҳарбий хизматчи ногирон бўлиб қолди. Бу ҳақда Исроилнинг Walla нашри маълум қилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, бу рақам 30 мингга етиши мумкин, дея қайд этади нашр.

Нашрнинг ёзишича, ҲАМАСнинг 7 октябрдаги ҳужуми Исроилни шундай бир урушга жалб қилдики, мамлакат ҳеч қачон бунчалик кўп қурбонлар билан юзма-юз бўлмаган, лекин энг муҳими, жуда кўп жиддий жароҳатланиш ҳолатлари мавжуд.

Хабар қилинишича, Исроил армияси ярадор аскарлар ҳақидаги маълумотни одамларнинг руҳий кайфияти тушиб кетишидан қўрқиб, жамоатчиликдан яширмоқда.

“Мен ташкилотда 30 йилдан бери ишлайман, ҳеч қачон бунчалик кўп оғир яраланганларни учратмаганман. “Жуда кўп жароҳатланганлар бор, қўл-оёғи ампутация қилинган (кесилган), кўр ёки шол бўлиб қолган”, - дейди Исроил армияси ногиронлар ташкилоти раиси Идан Калиман.

Маълумот учун, Исроил армияси 7 октябрдан бери Ғазо секторига қарши давом этаётган урушда қатнашиш учун 360 минг захирадаги аскарни чақиришини эълон қилди ва қуруқликдаги операция 27 октябрда бошланди.

Жума куни эрталабки ҳолатга кўра, уруш бошланганидан бери армияда ҳалок бўлган офицер ва аскарлар сони 520 нафарга етди, шу жумладан, Ғазо секторида қуруқликдаги уруш бошланганидан бери 186 нафар ҳарбий хизматчи йўқ қилинган.

Мавзуга алоқадор