Украина Қуролли кучлари Россиянинг Курск вилоятида 1294 кв км майдонни назорати остига олди. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский маълум қилди, дея хабар беради Украина оммавий ахборот воситалари.

“Бугун биз 1294 квадрат километр ҳудудни назорат остига олдик – бу 100 та аҳоли пункти”, — деди Сирский давлат муассасалари раҳбарлари форумида.

Унга кўра, бугунги кунда Россия Қуролли кучларининг 594 нафар ҳарбий хизматчиси Курск йўналишида асирга олинган.

Сирскийнинг қўшимча қилишича, Курск йўналишига 30 мингга яқин россиялик ҳарбий хизматчилар жойлаштирилган.

Унинг таъкидлашича, Россия томони бошқа йўналишлардан бўлинмаларни олиб чиқишга ҳаракат қилмоқда, аммо Покровский йўналишида, аксинча, саъй-ҳаракатларини оширмоқда.

Курск вилоятидаги вазият

Россия Федерациясининг Курск вилоятининг чегара ҳудудларида вазият 6 август куни эрталаб, Украина армияси минтақада операция ўтказа бошлаганидан сўнг кескинлашишни бошланди. Чегара ҳудудларида Россия ва Украина қўшинлари ўртасида шиддатли жанглар давом этмоқда, аҳоли пунктларида учувчисиз учоқларнинг кенг кўламли ҳужумлари қайд этилмоқда, вақти-вақти билан ракета ҳақида огоҳлантириш сигналлари эшитилмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Украина Қуролли кучлари Курск вилоятига бостириб кирганидан сўнг жанглар асосан вилоятнинг Кореневский ва Суджанский, қисман Беловский ва Лговский туманларида давом этган.

Минтақадаги вазият федерал фавқулодда ҳолат сифатида тан олинган.

Бундан ташқари, вазиятнинг кескинлашуви фонида Россиянинг учта ҳудуди - Белгород, Курск ва Брянск вилоятларига таъсир кўрсатган аксилтеррор операцияси режими жорий этилди.

Айни пайтда, бир қатор вилоятларда тинч аҳолини эвакуация қилиш давом этмоқда. 12 август куни Курск вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов Владимир Путинга эвакуация қилиниши керак бўлган 180 минг кишидан 121 минг киши аллақачон ҳудудни тарк этганини маълум қилди. Сўнгги маълумотларга кўра, Курск вилоятининг чегара ҳудудларини 133 минг киши тарк этган. 21 август ҳолатига кўра, 31 киши ҳалок бўлгани, 143 киши жароҳатлангани тасдиқланган.

Россия президенти Владимир Путин Украина қуролли кучларининг Курск вилоятидаги ҳаракатларини “яна бир кенг кўламли провокация” деб атади.

Мавзуга алоқадор