Дунё бўйлаб кўпчилик сингари мен ҳам ҳиссий эзилдим. Кунимнинг аксар қисмини янгиликларни текшириш, фожиа ҳақида ўқиш ва Ғазодаги поёнсиз урушнинг мангу якунини орзу қилиш билан ўтказмоқдаман. Шунингдек мен жисмонан ҳам ниҳоятда чарчадим. Дам олиш кунларимни умидсиз хаёллар сурганча пиёда юриш билан ўтказяпман. Эҳҳ, агарда аксар қисмимиз доимий равишда кўчаларга чиқиб,  гапирганимизда эди, бизнинг умумий овозимиз раҳбарларимизни ниҳоят доимий ўт очишни тўхтатишга чақиришга ундаган бўлар эди, балки.

Жисмоний ва ҳиссий чарчоқлар ўз йўлига. Бундан ҳам ёмони, Ғазодаги аёлларнинг азоб-уқубатларига мутлақо бефарқ кўринадиган ўз мамлакатим — Бирлашган Қироллик ҳамда бутун дунёдаги бефарқ феминистларга нисбатан ғазаб ва адоватим кун сайин ортиб бормоқда.

Мен ҳар куни ижтимоий тармоқларда феминистларнинг фикр-мулоҳазалари ва постларига дуч келаман. Улар ўз постларида ҲАМАСнинг 7-октябрдаги ҳужуми чоғида исроиллик аёлларга нисбатан қўпол хатти-ҳаракатлари ва ундан кейин гаровга олинган аёлларга нисбатан ёмон муносабатда бўлганини даъво қилиш билан бандлар. Ушбу даъволар ортида бирор асос борми-йўқми, билмадим. Ҳар ҳолда, аёл-қизларга оғир жиноятларни қўллаш сира ҳам эътибордан четда қолдириб, оқлаб ёки унутиб бўлмайдиган ишдир.

Аммо айни пайтда, ўзини феминист деб эълон қилган бу шахслар, Исроилнинг фаластинлик аёлларга нисбатан худди шундай қўпол ҳаракатлари ҳақида сукут сақлашмоқда.

Исроилнинг Ғазони йиллардир қамалда тутиши ва тўғридан-тўғри бомбардимон қилишлари ўн минглаб фаластинлик аёллар ва болаларни нобуд қилди, майиб қилди ва вайроналар остида қолдирди. Улар қишни уй-жой ва таъминот жиҳозларисиз қарши олдилар. Соғлиқни сақлаш тизимининг деярли тўлиқ ишдан чиқиши, озиқ-овқат ва тоза сувнинг етишмаслиги Ғазодаги 45,000 ҳомиладор ва 68,000 эмизикли оналарнинг камқонлик, қон кетиш ва ўлим хавфига дуч келганини англатиб турибди. Айни дамда, босиб олинган Ғарбий Соҳилда юзлаб фаластинлик аёллар ва болалар ҳамон қамоқда бўлиб, кўплари судсиз, жирканч шароитларда яшашга мажбур этилмоқда.

Бу фалокат ошкора бир тарзда ўз даврини сурмоқда, бироқ Британиядаги ва умуман Ғарбдаги феминистларнинг кўпчилиги бу ҳақда гўёки тилдан қолган, айтадиган гаплари йўқдек.

Нега фаластинлик аёлларнинг мусибати эътиборга олинмайди? Нега фаластинлик аёллар ва болаларнинг курашлари тенг даражада эътиборга лойиқ эмас, деб кўрилмоқда? Борган сари шунга амин бўляпманки, бу шунчаки эътибор сусайиши эмас, балки кўриб кўрмасликка олиш бўлиб, у тузатиб бўлмас даражада шикаст етиб бўлган ахлоқий компаснинг оқибати экан.

Сўнгги уч ой ичида мен бу саволларни чуқур ва жиддий ўйладим. Бир пайтлар ўзим ҳурмат қилган муаллифларнинг кўплаб феминистик китоб ва мақоларлари мутолаасига шўнғидим, уларнинг феминизм ҳақидаги талқинини ва унда нега фаластинлик аёлларга ўрин ажратилмаслигини тушунишга уриндим.

Бориб-бориб шу хулосага келдимки, уларнинг олға сураётган феминизм фаластинлик аёлларни биринчи навбатда Исроил ёки бошқа ташқи кучлар томонидан эмас, балки фаластинлик эркаклар томонидан эзилган, деб даъво қилар экан. Улар наздида фаластинлик аёллар деярли ҳеч қандай ваколатга эга эмас ва улар гендер зўравонлиги авж олган жамиятнинг абадий қурбонлари, гўё. Қолаверса, уларга кўра фаластинлик эркаклар, аёлларга зўравонлик ва зулм қилиш билан ном қозонган чуқур патриархал, диний ва ижтимоий консерватив руҳдаги ҲАМАС каби гуруҳларнинг синоними экан.

Айнан шунинг учун бундай қараш феминистларга Исроилнинг Ғазога ҳужуми фаластинлик аёлларни “Ҳамас чангалидан озод қилишга” кўмак беради, деган даъволарини асослаш учун ёрдам беради ва урушнинг фаластинлик аёлларга етказаётган ҳақиқий, жиддий зарарини мутлақо эътиборсиз қолдиради.

Мазкур ёндашув нотўғри шаклланган тарихий қарашларнинг бир қисмидир, яъни ҳамиша феминизмнинг ортига яширинувчи мустамлакачилик ва империячилик мақсадлари шу каби хурофий қарашлар билан хаспўшланади. Бу феминистлар АҚШнинг Афғонистонга бостириб киришини қўллаб-қувватладилар, негаки у гўё "афғон аёлларини озод этиш"ни мақсад қилган, аммо улар, масалан, Исроилдаги чуқур патриархал ва радикал диний жамоаларда яшовчи яҳудий аёлларни куч билан "озод этиш" ҳақида баҳслашишни сира ҳам хаёлларига келтира олмайдилар.

Феминизмнинг бу шаклида ҳамдардлик ёки ғазаб универсал феминистик тамойилларга ёхуд барча аёлларга ваколат ва имконият бериш истагига эмас, балки шахсий хусусиятлар ва сиёсий қарашларга таянади. Бундай феминистиклар, айниқса мусулмон, буғдойранг эркакларга қарши курашни биринчи планга чиқаришади, бу эса аёлларни озод қилиш риторикасини куч-қудрат вакилларининг мақсадини кенгайтириш воситасига айлантиради. Бу, кўпинча, мазлумларни қурбон қилиш эвазига амалга ошади.

Айнан шу нуқтаи назардан, Ғазода ўт очишни тўхтатиш зарурлигига Ғарб феминисларининг сукут сақлаши нафақат маънавий, балки сиёсий таназзулни ҳам ифода этади. Ҳимоя баҳонасида маҳаллий халқларни тарихий эзадиган мустамлакачи ва империячи кучлар билан ўзаро боғланган ва тил бириктирган феминизм шакли шу тарзда давом этади.

Бу сукунат замонавий "мустамлака феминизми"нинг рамзи бўлиб, бу ерда "озод этилувчи аёллар" риторикаси чуқурроқ зўравонлик ҳаракатларини кўздан паналайди. Бу ёрдам ниқоби остидаги босқин ва ишғолларни оқлаб, фаластинлик аёлларни шунчаки қутқаришга муҳтож қурбонлар сифатида кўрсатиб, айни пайтда уларнинг қаршилик кўрсатиш ҳуқуқини инкор этади. Хулоса қилиб айтганда, Ғарб феминистларининг бир ёқлама эмпатияси зўравонлик чархпалагини давомли айлантириб турувчи тузилмаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Уларнинг вазифаси барча аёллар ва заиф қатламнинг, келиб чиқиши ёки ижтимоий шароитларининг мураккаблигидан қатъи назар, ҳуқуқлари ва қадр-қимматини ҳимоя қилиб, геосиёсий қарама-қаршиликлардан устун туриш эди.

Ҳамас ва бутун Фаластин жамиятининг аёлларга нисбатан зулмига ишора этувчилардан ташқари, ўт очишни зудлик билан тўхтатиш чақириқларини маъқулламайдиган феминистлар ҳам бор. Улар бу қилмишларини "нейтраллик" ёки "мураккаблик комплекси" деб атайдилар. Эҳтимол, айнан мазкур позиция мени бошқаларга қараганда кўпроқ ҳайратда қолдиради ҳамда ғазабга солади.

Ғазода юз бераётган бундай даҳшат олдида бетараф бўлиб туришни оқлаб бўлмайди, ахир!

Бугунги кунда фаластинлик аёллар инсоний ва аёллик қадриятларига жиддий таҳдид соладиган даҳшатларни бошдан кечирмоқда. Оналар ўз фарзандларини яланг қўл билан кўммоқда; оилалар уйлари вайрон бўлгани, ҳаёти барбод бўлгани етмаганидек, доимий очлик ва бомба ёмғири остида ўлим таҳдидидан азият чекмоқда.

 Бундай шароитда сукунат нейтрал позиция бўлолмайди! Бугунги сукунат давом этаётган фожиани пассив маъқуллаш билан тенгдир аслида. Ушбу эҳтиёткор ва сиёсий жиҳатдан "нейтрал" феминистлар ўзларида жасорат топиб, ўт очишни тўхтатишга чақиришлари учун яна қанча инсон нобуд бўлишини кутиш керак? Ҳалок бўлаётганлар сонининг ортиб бориши шунчаки статистика эмас; у шахс ҳаётини, барбод келажакни ва феминизм асосланадиган тамойилларга нисбатан бевосита эътирозни пайдо қилади.

Бугунги кунда айтилмай қолган ҳақиқатлар ҳам айтилганлари каби катта аҳамиятга ва таъсирга эгадир.

Кўплаб таниқли феминистлар ўзларининг гендер, жинс ва жамият ҳақидаги доимий нутқларида, фаластинлик аёлларнинг курашлари ҳақида лом-мим демаяптилар. Уларнинг платформалари муҳим масалаларни ёритишга қодир бўлгани ҳолда, бошқаларни четга суриб қўйишдек нозик кучга ҳам эгадир. Аксар ҳолларда юқори даражадаги фаоллар ва машҳурларнинг ғарблик бўлмаган аёллар ҳақида ёзиш ва гапиришни истамаслиги сабаб, улар дучор бўлаётган муаммо ва ташвишлар этибордан четда қолаётганига гувоҳ бўляпмиз.

Ушбу махсус сукунат феминистик бирдамликнинг ўтимлилигини шубҳа остига қўяди. Хоссатан, кўпчилик интиладиган таниқли феминистларнинг сукут сақлаши уларни зулмга айни шерикка айлантиради. Фаластинлик аёллар фожиасига нисбатан сукут сақлаш сизнинг муаммонгиз, албатта, бироқ сукутингиз кенг омма қаршисида шу қадар баланд акс-садо бермоқдаки, сизнинг бутун меҳнатингиз, ишингиз одамлар олдида кун сайин ўз қадри, қийматини йўқотиб бормоқда.

Агар сиз фаластинлик аёлларнинг азоб-уқубатлари ҳақида сўз очмайдиган ёхуд Ғазода зудлик билан ўт очишни тўхтатиш чақириқларини маъқулламайдиган "феминистлар" тоифасидан бўлсангиз, менинг сиздан битта, жуда оддий талабим бор. Ғазодан тарқалиб турган фотосуратларга бир боқинг. Балки сиз улардан кўзингизни олиб қочарсиз, уларни шунчаки тарғибот дея рад этарсиз лекин атиги бир сонияга ўз тарафкашлигингизни ва “ақлли” баҳоналарингизни четга суриб, ўша суратларга яхшилаб қаранг. Мурғакларининг жонсиз, қонга беланган жасадларини кўтариб турган оналарнинг мунгли кўзига бир он назар солинг. Оёғи-қўллари узилган, этлари танасидан айрилган, касалхона полларида ёлғиз ётган болалар тасвирларига назар солиб кўринг. Бомба тушган уйининг вайроналари остида ҳалок бўлган оила аъзоларининг қолган-қутган жасадларини йиғишга уринаётган, мотамсаро ёш аёллар тасвирларига боқинг. Ана ўша суратларга бир қарасангиз, аминманки, "ҳозир ўт очишни тўхтатишни талаб қилиш тўғри эмас" деган ўйингиз мутлақо хато эканига амин бўласиз. Ва бу тасвирларни чиндан кўрганингиздан сўнг, сиз ҳамон "нейтрал" бўлишни, сукут сақлашни ёхуд "исломий зулм" ҳақида гапиришни истар экансиз, унда ўзингизни феминист деб атамай қўяверинг!

 Марям Алдоссари,

Яқин Шарқдаги Гендер тенглиги тадқиқотчиси

Мавзуга алоқадор