Қирғизларни Россия армиясига ёллаш билан шуғулланган аёл "кечирилди"
Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида жойлашган "Русский дом" ходими Наталья Секерина тергов ҳисбхонасидан қўйиб юборилди. У Россия армиясига ноқонуний ёллаш билан шуғулланганликда айбланиб, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан ушланган эди.
ТАСС агентлигининг ёзишича, ноқонуний ёллаш иши бўйича барча айбланувчиларга нисбатан эҳтиёт чораси дастлабки қамоққа олишдан уй қамоғига ўзгартирилган.
Айбланувчиларни уй қамоғидан ҳам озод қилиш тўғрисидаги қарор Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев ва Россия элчиси Сергей Вакунов ўртасидаги учрашувдан сўнг қабул қилинган.
Маълумот учун, ноқонуний ёллаш иши бўйича Ўш мэрияси матбуот хизмати ходими Сергей Лапушкин, "Регнум" агентлиги кузатувчиси Виктор Васильев ва исми ошкор этилмаган яна бир шахс ҳам айбланаётган эди.