27.04.2025 11:58
82

Минтақа давлатлари сув ресурсларини ўзаро тақсимлаб олди

Марказий Осиёнинг беш республикаси вакиллари Сирдарё ва Амударё сув ресурсларини тақсимлаш бўйича протоколлар ва келишувларни имзоладилар. Бу ҳақда Анадолу агентлиги хабар берди. 


Келишувнинг асосий мақсади — қишлоқ хўжалиги ерларини суғоришда экологик тизимларга зарар етказмасдан сув таъминотини таъминлашдан иборат. 


Манбага кўра, 2025 йилги вегетация даври учун сув сарфи лимитларини белгилаб олинган. Бу давр Марказий Осиёда апрел ойидан октябр ойигача давом этади ва ўсимликларнинг ўсиши, шунингдек, ривожланишининг асосий босқичларини қамраб олади.


Хабарда айтилишича, Сирдарё ресурсларидан қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун тахминан 11,9 миллиард куб метр сув ажратилиши белгиланган бўлиб, бунда Ўзбекистонга 8,8 миллиард куб метр, Тожикистонга 1,9 миллиард куб метр, Қозоғистонга Дўстлик канали орқали 909 миллион куб метр ва Қирғизистонга эса 270 миллион куб метр сув йўналтирилади.


Амударёдан эса апрел-октябр ойларида жами деярли 40 миллиард куб метр сув олиш режалаштирилган. Мазкур ресурслардан Ўзбекистонга 16 миллиард куб метр, Туркманистонга 15,5 миллиард куб метр ва Тожикистонга 7 миллиард куб метр сув ажратилади.


Бундан ташқари, Амударё делтасига ва Орол денгизига 2,1 миллиард куб метр сув юборилиши таъминланади, дейилади хабар матнида. 


Ҳужжатларда, шунингдек, вегетация давридан ташқари даврда Амударё сувларидан фойдаланиш кўрсаткичлари ҳам акс эттирилган. Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, Ўзбекистон ва Туркманистон ўзларига ажратилган лимитларнинг 90 фоизидан ортиғини ишлатган, Тожикистон эса лимитининг 80 фоизидан камроқ қисмидан фойдаланган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.