АҚШ Яман ҳудудига олти марта зарба берди
АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари Яман шимолидаги Саада вилоятида жойлашган турар-жой ҳудудларига олти марта авиазарба берди. Бу ҳақда “Ансор Аллоҳ” ҳаракатига қарашли “Ал-Масира” телеканали хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, зарбалар айниқса Сааданинг Саҳлайн туманидаги Ал-Салим аҳоли пункти ҳудудини нишонга олган. Айни вақтда ҳужумлар оқибатида ҳалок бўлганлар ва жароҳат олганлар сони ҳақида маълумот берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, 7 март куни Ҳусийлар исроилга Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказилишини тўсмаслик учун тўрт кунлик муҳлат берган эди. Акс ҳолда, улар яна денгиздаги ҳарбий ҳаракатларини бошлашини маълум қилган.
Орадан кўп ўтмай, 15 март куни АҚШ Президенти Доналд Трамп ўзининг Truth ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Ҳусийларга қарши “кенг кўламли ҳарбий амалиёт” бошлаш ҳақида АҚШ қуролли кучларига буйруқ берганини эълон қилди.
Бунга жавобан ҳаракат етакчиси Абдулмалик ал-Ҳусий АҚШ ҳарбий самолётлари ва ҳарбий кемалари яманликлар учун қонуний нишонга айланишини билдирган.
Шундан сўнг, АҚШ томонидан Яман ҳудудига мингдан ортиқ авиазарбалар уюштирилган. Оқибатда камида 217 киши ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти аёллар ва болалар бўлган. Яна 436 нафар яманлик жароҳатланган.