Вена мактабларида мусулмон ўқувчилар пешқадамлик қилмоқда
Австрия пойтахтидаги мактабларда мусулмон болалар сони илк бор насронийлардан ўзиб кетди. Шаҳар кенгаши аъзоси Беттина Эммерлинг томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, ўқувчиларнинг 41,2 фоизи мусулмонларнинг фарзандларидир.
Қайд этилишича, ўтган йили бу кўрсаткич 39,4 фоиз бўлган — бу эса сон жиҳатидан барқарор ўсиш борлигини кўрсатади. Иккинчи ўринда эса 34,5 фоиз билан христианлар турибди. Уларнинг ичида рим-католиклар — 17,5 фоиз, православлар — 14,5 фоиз.
Ҳеч қандай дини эътиқоди бўлмаган болалар — 23 фоиз, буддистлар — 0,2 фоиз, яҳудийлар — 0,1 фоиз, бошқа дин вакиллари эса — 0,9 фоизни ташкил қилмоқда. Бу кўрсаткичлар 112 600 нафар ўқувчининг, яъни бошланғич, ўрта, махсус ва политехник мактабларда ўқиётган болаларнинг маълумотларига асосланган.
Австрия Эркинлик партияси иммиграциянинг Австрия маданиятига таҳдид солаётганини танқид қилган. Шунингдек партия мусулмон ўқувчиларнинг кўпайиши, немис тилининг иккинчи тилга айланиши ва Австрия қадриятларининг заифлашиши ҳақида огоҳлантирган.