Таиланд Мянмада қулликдан озод этилган шахсларни ватанига юборди
Таиланд шу йилнинг февралида Мянма чегарасидаги фирибгарлик call-марказларидан озод этилган 7224 нафар чет эл фуқаросини ватанига қайтарди. Операция Таиланд, Хитой ва Мянма ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамкорлигида амалга оширилди.
Таиланд ТИВ ахборот департаменти раҳбари Никондет Пхалангкунга кўра, умумий ҳисобда 9951 киши озод этилган бўлиб, уларнинг 5,4 мингдан ортиғи Хитой фуқароларидир.
Шунингдек, 653 нафар Индонезия, 581 нафар Ҳиндистон фуқаролари ҳам ўз оилалари бағрига қайтарилган. Озод этилганлар 30 дан ортиқ давлат фуқароларини ўз ичига олади.
Айни пайтда 1700 дан кўпроқ шахс Мянмада қолмоқда ва тез орада Таиланд орқали ватанига юборилади.
Қироллик маълумотларига кўра, 2022–2024 йилларда 500 мингдан ортиқ таиландлик интернет фирибгарлиги қурбонига айланган, умумий зарар эса, 1,8 миллиард долларни ташкил этган.