Мьянмада одам савдоси қурбони бўлган ўзбекистонликлар ортга қайтарилди
Мьянмада одам савдоси қурбони бўлган икки нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилди.
Маълум бўлишича, улар интернетда юқори маошли иш таклиф қилинганидан сўнг Таиландга борган. Сўнг улар ноқонуний равишда Мьянмага олиб кетилиб, одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ қўлига топширилган.
Ватандошлар Мьянмада ноқонуний марказларда ишлашга мажбур қилинган. Ноқонуний ҳаракатларни амалга оширишдан бош тортган муҳожирларга жисмоний зўравонлик ва таҳдидлар қўлланилган. Жиноий тўда уларнинг озод этилиши ва ватанига қайтиши учун катта миқдорда пул талаб қилган.
Мьянмада ўзбекистонликлардан ташқари 8 нафар Қирғизистон ва 4 нафар Қозоғистон фуқароси ҳам худди шундай вазиятга тушиб қолгани айтилмоқда.
Таиландда Қирғизистоннинг дипломатик ваколатхонаси йўқлиги сабабли Ўзбекистон ва Қозоғистон дипломатлари уларни ҳам ўз ватанига қайтишига ёрдам кўрсатди, дейилади хабарда.