13.04.2025 10:30
176

“Мусулмон аёлнинг пардоз китоби" – Зийнатланишнинг машруълигига ҳадислардан далиллар

Гўзалликка интилиш, чиройли кўринишга уришиш ва бунинг учун зийнатланиб, пардоз-андоз қилиш аёллар фитратига жойланган. Аммо ҳар бир ишда бўлганидек, бу борада ҳам динимизнинг кўрсатмалари, йўл-йўриқлари бор. Ислом илмларини олий даргоҳларда эгаллаган, кўп йиллардан бери диний соҳада хизмат қилаётган синглингиз Макнуна бу борадаги маълумотларни тўплаб, саралади ва Сиз учун “Мусулмон аёлнинг пардоз китоби"ни ҳозирлади. 5-қисм – "Зийнатланишнинг машруълиги бўйича ҳадиси шарифлардан далиллар".

***

Зийнатланишнинг машруълиги бўйича ҳадиси шарифлардан далиллар

Қуръони каримда зийнат маъносида нозил бўлган оятлар билан танишгач, суннатда бу ҳақда қандай кўрсатмалар келганини кўриб ўтамиз.

Суннатда зийнатнинг машруъ бўлиши ва унга чорловчи ҳадислар ворид бўлган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Албатта, Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни суяди». (Имом Муслим ривояти)

Ушбу ҳадисни Имом Нававий шундай шарҳ қилган: Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири гўзаллик бўлиб, У гўзалликни яхши кўради. Шунинг учун ҳам аёллар Унинг ушбу комил сифатидан ўрнак олиб, чиройли, кўркам ва ҳуснли бўлишга интилишлари матлубдир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳайит намозида қатнашдим. У зот хутбадан олдин намоз ўқидилар. Кейин аёллар олдига бориб, уларга садақа беришни буюрдилар. Аёллар узук ва билакузукларини ечиб, Билолнинг этагига ташладилар». (Имом Бухорий, "Саҳиҳ")

Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да ушбу ҳадисни шарҳлаб шундай деган: Аёлларнинг қўли, бўйни ва қулоғини олтин ва кумуш тақинчоқлар билан зийнатлаши, бўёқли либослар кийиши жоизлиги зикр қилинди. Буларнинг барчаси аёллар учун зеб-зийнат машруъ эканини исботлайди.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга йўл-йўл чизиқли, ипак аралаш тўқилган кийим ҳадя қилдилар. Уни кийиб чиққанимда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларида ғазабни кўрдим. Шунда уни қирқиб, аёлларимга улашдим». (Имом Бухорий)
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Умму Кулсум розияллоҳу анҳонинг устига ипак бурда ёпилганини кўрдим». (Имом Бухорий)

Ибн Ҳажар айтади: Бу ҳадисларда аёл кишининг ороланиш мақсадида ҳарир, шойи матоларидан фойдаланиши жоизлигига далолат бор. Бу зийнатнинг шариатда жоиз эканини тасдиқлайди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Аёлим мен учун зийнатланишини истаганим каби, мен ҳам у учун ясанишни яхши кўраман». (Имом Қуртубий, Жомеу аҳкомил Қуръон)
Бу гап эр-хотиннинг бир-бири учун ороланиши машруъ эканини кўрсатади. Ислом бу инсоний хислатни ўз шариатида қўллаб-қувватлайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Умматларим Қиёмат куни таҳоратнинг асаридан аъзолари ёруғ ҳолда чақириладилар. Ким ўз ёруғлигини кўпайтиришга қодир бўлса, кўпайтирсин». (Имом Бухорий)

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хушбўй нарсалар суртдим. Кейин у зот аёлларини айланиб чиқдилар ва эҳромга кирдилар». (Имом Муслим)

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хушбўйни рад этмас эдилар, мен ҳам рад этмас эдим». (Имом Бухорий)

Аҳмад ибн Ҳанбал “Муснад”да ривоят қилади: «Кимнинг сочи бўлса, уни икром қилсин».
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга келганларида, сочи тўзиб кетган бир кишини кўрдилар ва “Бу одам сочини таровчи нарса топа олмайдими?” дедилар». (Имом Муслим)

Юқоридаги ҳадислардан англашиладики, инсоннинг ороланиб юриши Исломда кенг тарғиб қилинган. Ислом поклик ва гўзаллик динидир. Ҳар қандай ҳолат ва шароитда инсон ўзини пок ва гўзал тутишга, нафақат қалби, балки зоҳири билан ҳам ажралиб туришига даъват қилинади.

Давоми бор...

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.