08.04.2025 06:04
117

“Ҳатто бир дона буғдой уруғи ҳам Ғазога етиб бормайди” — Исроил молия вазири

Исроил молия вазири Бецалел Смотрич Ғазо секторига ҳеч қандай гуманитар ёрдам юборилишига йўл қўйилмаслиги бўйича қатъий баёнот билан чиқди. TRT’нинг хабар қилишича, у “ҳатто бир дона буғдой уруғи ҳам Ғазога етиб бормайди”, дея кескин фикр билдирган. 


Ўтган ҳафта маҳбуслар алмашинуви бўйича келишувнинг биринчи босқичи якунланганидан сўнг, Исроил Ғазога гуманитар ёрдам етказилишини мутлақо тўлиқ тўсиб қўйди.


Халқаро ташкилотлар маълумотига кўра, Ғазода тахминан 2,3 миллион фаластинлик очлик ёқасига келиб қолган. Минтақада ун ва ёқилғи тақчиллиги сабабли маҳаллий новвойхоналар ой бошидан бери фаолият кўрсата олмаяпти.


Сал аввал Исроил оммавий ахборот воситаларида армиянинг яқин ҳафталарда гуманитар ёрдам киришига қисман рухсат беришни кўриб чиқаётгани ҳақида хабарлар тарқалди эди. Бироқ, Смотрич бундай эҳтимолларни ҳам йўққа чиқарди ва Ғазога ҳеч қандай юк етказилишига йўл қўйилмаслигини яна бир бор қатъий таъкидлади.


Эслатиб ўтамиз, TRT Global нашри Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху Вашингтонга парвоз қилаётиб, мудофаа вазири Исоел Катс билан суҳбат ўтказганини хабар қилган эди. Унда Нетаняху ракета ҳужумларига “кескин жавоб қайтаришни” ва Ғазога массив ҳужумларни давом эттиришни буюргани очиқланган. 


Ўз навбатида, мудофаа вазири Катс ҳам армияга “жуда кучли зарбалар” бериш бўйича кўрсатмалар берганини тасдиқлади.


Ҳужумлар натижасида Хон-Юнус шаҳрида ал-Наффар оиласининг уйи бутунлай вайрон бўлгани маълум қилинди. Маҳаллий манбаларга кўра, ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар бор.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.