06.07.2024 18:34

Дин яҳудийлар тараққиётига тўсиқ бўлдими? (видео)

Бизда диний таълимга таъқиқ қўйиш жонбозлари бўлган атеист, агност ва секулярларнинг ҳамиша Исроил давлатининг тарафини олганини кузатасиз. Улар Исроил давлатини дунёвий, демократик, тараққий этган давлат ва Европанинг Яқин Шарқдаги вакили сифатида жуда олқишлашади. Хўш, улар ўзлари учун йўлбошчи санаб турган, ҳамиша мақтайдиган, ҳар қайси ҳолда шаънини ҳимоя қиладиган Исроил давлатида диний таълим масаласи қандай эканини ўрганишганмикин? Исроилда диний таълим оддий обод-ахлоқ масаласи эмас, балки яҳудийларнинг муқаддас китоби Таврот ва унинг шарҳи Талмудга асосланишини билишармикин? 


Айтиш жоизки, бу ерда Исроилдаги диний таълимда ўргатиладиган таълимотлар, кўрсатмалар, улардаги агрессив қарашлар, ундаги муаммолар бу ерда асосий мавзу эмас. Айтмоқчи бўлганимиз, дунёвий саналган давлатда диний таълим борлигидир. Аммо фарқи, Исломда ҳеч қандай ирқчилик, бир халқни муқаддаслаштириш, радикализм, агрессив қарашлар буткул йўқлигидир, буни таъкидлаш шарт бўлмаса керак.


Охирги пайтларда Фаластин можароси фонида Ироил давлати билан араб давлатлари ўртасидаги тавофутларни кўрсатишга уринишлар ҳам кўпайди. Қайси бир исломофоб кимёгар Исроил давлати билан араб давлатларини солиштирибди. Унга кўра, мусулмонларнинг тараққиётдан ортда қолишига исломий илмлар, диний таълим сабаб эмиш. Мусулмонлардаги матнларни ёдлатиш усули тафаккур ва тараққиётга тўсиқ эмиш. 


Ўзи умуман олганда, айрим кишиларда шундай тушунча бор, яъни диндорлик, Исломни ўрганиш илм-фанга тўсиқ бўлади, деган фикр бор. Хўш, бу қанчалар тўғри?


Мазкур мақола муаллифи илм-фанда катта ютуқларга эришган яҳудий олимларни ва уларнинг ихтироларини санаб чиқибди. У Исроилдаги бугунги маданий тараққиётни оғзидан бол томиб мақтар экан, исроилликлар бу ютуқларга динини ташлаб, дунёвий илмлар эвазига эришгандек тасаввур беришга уринибди. Бу хато ёндашув бўлиб, билимсизлик ёки ғаддорликдир. Аслида яҳудийларда диний илмга эътибор биздаги кўпчилик тасаввур қилгандан умуман бошқача. 


Исроил мактабларида ўзларининг динига, диний илмларига жуда катта эътибор берилади. Мактабда яҳудий шариати ва эътиқодидан махсус дарслар бор, болалар ўзларининг муқаддас китоблари билан яқиндан танишадилар, керакли диний матнларни ёдлайдилар ҳам. 


Анъанавийликка кўпроқ эътибор берадиган оилаларнинг фарзандлари учун диний илмлар янада чуқурроқ ўргатилади, пешқадам раввинлар келиб уларга дарс беради, Таврот матнлари ёдлатилади. Улар нафақат ўз динини ўргатади, балки миллатчилик руҳини ҳам сингдириб, мусулмонлар ва арабларга нисбатан нафрат уйғотувчи маълумотларни ҳам дарсликлар орқали зимдан сингдириб боришади, деган таҳлиллар ҳам бор. Бу ҳақда алоҳида тадқиқотлар қилинган, истаганлар ўрганиши мумкин.


Исроилда мактабларда диний таълим беришдан ташқари, диний илмга ихтисослашган мактаблар ҳам кўп. 2015 йили Исроилда диний мактаблар сони 240 та бўлиб, уларда 90.000 ўқувчи таълим олар эди. 2021 йилга келиб диний мактаблар адади 285 тага, ўқувчилар сони 113.000 га етди. Булар диний илмларга ихтисослаган мактаблар бўлиб, уларда диндор яҳудийлар етиштирилади.


Очиғини айтиш керак, насронийларга нисбатан яҳудийларда диндорлик юқори. Улар шариатини, бузилган шаклда бўлса ҳам, сақлаб қолган. Жуда кўп ишларини диний эътиқоддан келиб чиқиб қилишади, бироқ, буни яширишади ва дунёвийлик тўни билан дунёга намойиш этишади. Улар қадимдан шундай, ютуқларига сабаб бўлган диний омилларни одамлардан яшириб келишади ва қизғанишади.


Демак, Исроил бугунги тараққиётга эришиш учун динидан, диний илмлардан воз кечмаган, аксинча, динини ҳурмат қилиб, уни чуқур ўрганган ҳолда бошқа илмларга эътибор берган. Мана шу улардаги ҳақиқий воқелик. 


Бизда кўп соҳа вакиллари на динини билади, на замонавий илмларни чуқур ўрганади. Мақола муаллифига ўхшаш кимёгар, муҳандис ва бошқалар ўзларининг билимсизликларини, таълимдаги нўноқликларини мусулмонлардан айб қидириш билан ҳаспўшлашади. Барака топгурлар, диний илм эгалари ўз ишини қиляпти экан, сизлар ҳам ўз ишларингни қилинглар, ким сизларни ушлаб турибди?! Бировларни ковлаш ўрнига ўз соҳангиздаги муаммоларни ҳал қилинг, шунда ривожланасиз. Сизлар пора олишдан, бир-бирингизга ҳасад қилиб, оёқ чалишдан бўшамайсиз-да, кейин илм-фан ривожланмаслигига диндорлар айбдор бўладими? 


Бизда ўзи диний илмга қизиққанлар неча фоиз чиқади, ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Аҳоли сонига нисбатан жуда кам. Профессионал диний мутахассисликка қизиққанлар ярим фоиз ҳам чиқмаса керак. Масалан, бугунги аҳоли сонига қараганда агар бизда 350.000 (уч юз эллик минг) диний олим етишса, шунда бир фоиз одам исломий илмларга ўзини бағишлаган бўлади. Бунчалик адад ҳозир ҳеч кимнинг тасаввурига ҳам сиғмайди. Кўпчилик оддий ибодатли мусулмон бўлишни истайди, холос. Бир фоизмас, боринг, ўн фоиз одам диний илмларда мутахассис бўлди дейлик, хўш, қолганлар нима қиляпти? 


Бошқа соҳаларнинг ривожланмаслиги кишиларнинг диндорлигига алоқадор эмас, балки ўша соҳалардаги муаммоларга боғлиқ, буни билиш учун, жуда катта ақл ҳам керак эмас. Ҳар нарсага динни айбдор қилиш динсизлик психологиясига хос иллатдир.


Масалан, ҳозир аҳолимиз йилига сал кам бир миллионга кўпаймоқда. Бу ҳар йили шунча одамга турли илмларда таълим берадиган муаллимлар ҳам етиштириш керак, дегани. Масалан, битта устоз математика, она тили, Қуръон, ҳадис, фиқҳ ёки бошқа илмдан нечта одамга таълим беришга улгуришини ҳисобласангиз, диний илмларда кадр жуда ҳам муаммо. Бутун бошли Ўзбекистонда нечта фақиҳ, муфассир ёки муҳаддис бор деб ўйлайсиз? Деярли йўқ. Айтингчи, бухорийлар, термизийларнинг бугунги авлоди – сиз билан бизнинг ичимизда дунё эътироф этадиган бирорта муҳаддис ёки фақиҳ борми? Афсуски, йўқ. Фақатгина Қуръон ўқита оладиган кишилар нисбатан кўпроқ, улар ҳам шаҳар жойларда, холос. Бошқа бирорта илмда бизда етарли диний илм мутахассиси йўқ. Кўпчилик масжид имомлари, очиғини айтганда, фақатгина намоз ва даъватга ярайдиган одамлар, уларнинг аксари диний илмларда мутахассислик даражасида дарс бера олмайди. Яҳудийларда эса диний олимлари жуда ҳам етарли, тадқиқотчилари жуда ҳам кўп. Улар ўз динларини ўрганибгина қолмай, бошқа динларни ҳам жуда чуқур ўрганишади ва ҳамиша уларнинг таъсиридан ўз халқини асраш ҳаракатида бўлишади. Уларнинг ичида Исломни ҳар тарафлама ўрганган тадқиқотчилар анчагина кўплигини ҳамма билади. Уларнинг Қуръон ва Ислом тарихи борасида олиб борган тадқиқотлари, ёзган асарлари сон-саноқсиз. Улар одатда бошқа динларни ўз динларидан кейин ўрганишади. Биз эса ҳали ўз динимизни етарлича ўрганишга улгирганимизча йўқ. Мана, гап қаерда!


Тўғри, фан-техника тараққиёти, иқтисодий фарвонлик учун зарур илмларни, албатта, ўрганиш керак, бусиз дунёда яхши яшаш имконсиз. Бироқ инсон маънавиятини тутиб турувчи илмларга ҳам ҳамиша муҳтож. Инкорда чуқур кетиш оқибатида руҳи фалаж, қалби ўлик бўлган исломофоб кишилар бошқаларни ҳам ўзларидек мурдақалб билмасликлари керак. Соф табиати бузилмаган инсон борки, динга рағбат қилади, ундан осудалик истайди. Буни рад этиш эмас, тўғри таъминлаш чорасини кўриш даркор. Унга қарши радикал кураш ҳеч нарсани ҳал қилмайди, ўтган асрдаги мустабид тузум бунга ёрқин мисол. Қўлидан келса, давлат халқнинг бу эҳтиёжини тартибли равишда етарлича қондириб бериши керак. Бўлмаса, одамлар ўзларини эплаб кун кўришларига халал бермаслиги даркор. Акс ҳолда, у халқи олдидаги бурчини бажармаган ҳам бўлади!

Тан олиш керак, динни нотўғри англаш ва талқин қилиш дунёвий тараққиётга тўсиқ бўлиши, жамиятга таҳдид солиши бор гап. Тарки дунёчилик, эсктремистик ғоялар, фойдали илмлар ўртасида айирмачилик, бир ёқлама тарғиботлар, ҳамманинг бир соҳага йўналиши мамлакатни орқага тортиши табиий. Бугунги тезкор замонда бу ҳол жамият учун хатарлидир. Бироқ бу муаммонинг ечими тўғри таълимда, холос, таълимни ман қилишда эмас.


Тарих ва бугунги воқеликдан маълумки, давлат қайси соҳага кўп эътибор берса, ўша соҳа ривожланиб кетаверади, бунинг учун бошқа илмларга тўсиқ қўйиш шарт эмас. Сомонийлар даврида ҳадис илми ривожланган бўлса, қорахонийлар фиқҳга кўп эътибор бергани учун бу даврда ўлкамизда ҳанафий фиқҳи ривожланди. Темурийлар адабиётга эътибор берган эди, шеърият тараққий этди. СССР ҳукумати мафкуравий мақсадларда ёзувчиларни қўллаган эди, шу соҳа ривож топди ва ҳоказо.


Шу ўринда мавзуни ёритиш маъносида ҳозирги глобал дунёда фан ва техниканинг турли соҳаларига салмоқли ҳисса қўшган нуфузли мусулмон олимларни эслаш жоиз:


Абдус Салам (1926-1996): Покистонлик физик, электромагнит ўзаро таъсирлар соҳасидаги тадқиқотлари учун физика бўйича Нобель мукофоти совриндори. У Шелдон Глашов ва Стивен Вайнберг билан биргаликда электр кучсиз кучлар назариясига муҳим ҳисса қўшди;


Абдул Калам (1931-2015): Ракетачи олим ва муҳандис, Ҳиндистоннинг собиқ президенти. У Ҳиндистон ядро дастурининг отаси ҳисобланади;


Азиз Санжар (1946 йилда туғилган). Кимё бўйича Нобель мукофоти соҳиби. Туркиялик биолог ва кимёгар; 


Аҳмад Завоий (1931-2015): 1997 йилда ядро физикаси соҳасидаги тадқиқотлари ва Шимолий Африкадаги ядровий можаронинг олдини олишдаги ҳаракатлари учун Тинчлик учун Нобель мукофотини олган жазоирлик физик;


Аҳмад Завил (1946-2016): Кимё фанида қилган ихтиролари учун 1999 йили Нобель мукофоти совриндори. У асли мисрлик мусулмон олим;


Аттияб ал-Ранжа (1962-2018): Покистонлик физик, элементар зарралар ва космология соҳалари бўйича мутахассис. У Европа ядровий тадқиқотлар ташкилоти (CЕРН) собиқ директори;


Мунжи Бовандий (1961 йил туғилган). Тунислик олим. Кимё соҳасида Нобель совриндори.


Сумайя Наср (1978 йилда туғилган): Уммонлик астрофизик ва НАСАда ишлайдиган астроном. У галактикалар ва қора туйнукларни ўрганишда фаол иштирок этади;


Фотима Али Шайх (1966 йилда туғилган): рақамлар назариясига ихтисослашган БААлик математик. У Абу-Дабидаги Нью-Йорк университетининг математика профессори;


Ҳасанайн Козим (1963 йилда туғилган): симлар назарияси ва квант тортишиш соҳаларида ишлайдиган эронлик физик ва математик;


Нидал Шакарий (1963 йилда туғилган): Ливанлик олим, математика ва физика соҳаларига ҳисса қўшган, шунингдек, араб дунёсида таълим ва фан соҳасидаги фаолияти билан машҳур;


Шираз Минҳас (1951 йилда туғилган): экспериментал ядро физикасига ихтисослашган турк физиги. У илмий-оммабоп таълим соҳасида ҳам фаол.


Бу олимлар мусулмон оламидаги иқтидорли тадқиқотчи ва олимларнинг кичик бир қисмини ташкил этади. Мусулмон олимлари қадимдан илмнинг барча тармоқларида беқиёс хизмат кўрсатиб келганлар ва бугун ҳам мусулмонлар дунё бўйлаб илм-фан ва таълимнинг турли соҳаларида ўз ҳиссаларини қўшишда давом этмоқдалар. 


Шуни ҳам эслаш жоизки, илм-фанда эришилган ютуқларнинг юқорилиги эътироф этилиши учун Нобель мукофотига сазовор бўлиш асосий шарт эмас. Дунёга танилмаган, лекин ўз юртида илм-фанга катта ҳисса қўшган олимлар ҳам жуда кўп. Зотан, халқаро мукофотларни қўлга киритиш учун керакли талаблар ҳар доим ҳам муяссар бўлавермайди ва бугунги дунёда бу борада ҳам беғаразлик доим ҳам топилмаслиги бор ҳақиқатдир.


Хулоса қилиб айтганда, болаларга диний таълим бериш дунёнинг ҳеч бир жойида дунёвийликка тескари деб тушунилмайди. Мактабларда диний таълим бераётган давлатларда замонавий илмлар оқсаб қолаётгани ҳам йўқ. Дунёга ҳукмронлик даъвосидаги ривожланган давлатларда диний таълим ёшларни заҳарлаш деб қаралмаётир. Агар биз дунёга буюк уламоларимизни етиштириб берган муқаддас динимиз таълимотлари ҳақида шунчаки тушунчага эга бўлмасак, муаммо Исломда эмас, бизнинг онгимизда эканини эътироф этиш керак. Зеро, ислом дини бошқа динлардан инсонийлик жиҳатдан ҳам беҳад юксакдир. 


Диний таълим дунёнинг барча давлатларида деярли эркин. Бироқ бу ерда ҳақлиларни эмас, кучлиларни эътироф этишга ўрганганлар учун ана шундай қудратли давлатлардан бири мисол тариқасида келтирилди. Бўлганда ҳам, Ғарб етакчилари демократик дунёвий мамлакат дея ҳимоя қилаётган давлат танланди. Диний таълимни дунёвий тараққиётга зид қўяётган жаноблар, энди бунисига нима дейсиз?





Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.