01.06.2024 18:00
3068

Умар Мухтор – Саҳро арслони


Одатда кўпгина ислом диёрларида мустамлакачи давлатларга қарши курашда кўзга кўринган тасаввуф арбоблари, руҳий тарбия устозлари бошчилик қилишган. Нажмиддин Кубро, Салоҳиддин Айюбий, Имодуддин Занкий, Нуриддин Занкий, Абдулқодир Жазоирийлар шулар жумласидандир. Умар Мухтор раҳматуллоҳи алайҳ ҳам ана шундай тасаввуф намоёндаларидан биридир.


Улуғ шайх Умар Мухтор бир маълумотда 1862 йилда, бошқа бир маълумотга кўра 1858 йилда Ливия шарқидаги Батнон вилояти, Тобруқ шаҳри, Жанзур туманида солиҳ ота-онадан дунёга келди. Унинг отаси Мухтор ибн Умар Фарҳот аҳлининг Манфа уруғидан эди. Умар иззатли ва карамли хонадонда ўсиб вояга етди. Бу хонадонни мусулмонга хос мардлик, юксак ахлоқ, Аллоҳнинг китоби ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари асосида қоим бўлган Сунусийлик тариқати таълимотларидан сув ичган гўзал сифатлар қамраб олган эди. Унинг отаси ҳаж ибодатини адо қилиш учун кетаётиб йўлда ҳалок бўлди. У беморлик пайтида ҳамсафари, Тобруқ шаҳри шарқида жойлашган Жанзур хонақоси шайхининг укаси Аҳмад Ғирбонийдан болалари Умар ва Муҳаммадни акаси шайх Ҳусайн Ғирбонийга топширишни васият қилди. Шайх Ҳусайн Ғирбоний шу васиятга мувофиқ болаларни тарбиясига олди ва хонақоҳ қошидаги Қуръони карим мадрасасига ўқишга жойлади. Кейинчалик Умар Мухтор бошқа қабилалар фарзандларидан иборат талабаларга қўшилиш учун Жағбуб институтига ўқишга кирди.


Умар Мухтор раҳимаҳуллоҳ ёшлигидан етимлик аламини тотди. Бу нарса унинг Аллоҳ ва расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳаббати ила тўла қалбига нисбатан яхшилик эди. Зеро у барча ишларида қудрат ва куч соҳиби бўлган Аллоҳга илтижо қилар эди. Ёшлигидан унда буюклик асарлари намоён бўла бошлади. Ўша пайтда илм маёғи ҳисобланган Жағбуб институди устозлари унга эътибор бера бошлашди. Бу институтда етук уламолар, адиблар ва мураббийлар жамланган бўлиб, улар ислом уммати фарзандларининг таълим ва тарбияси учун жон куйдиришар, келажакда бу авлод ислом рисолатини кўтариши учун ҳамда ислом диёрининг бошқа чеккаларида илм-маърифат тарқатишлари учун буларнинг таълим ва тарбиясига жуда қаттиқ эътибор беришар эди.

Умар Мухтор Жағбуб институтида саккиз йил илм булоғидан сипқорди. Бу ерда турли шаръий билимларни, фиқҳ, ҳадис ва тафсирни ўрганди. Унга устозлардан Саййид Зарволий ал-Мағрибий, аллома Фолиҳ ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ аз-Зоҳирий ал Маданий, Саййид Жавоний ва бошқа уламолар дарс беришди. Ҳаммалари Умар Мухторнинг уйғоқ фикрлари, теран ақли, гўзал хулқи, даъватни севишига гувоҳлик беришган. У илм талаби билан биргаликда амалиётни ҳам олиб борар эди. Ўз ишида тартибли ва масъулиятли бўлиб, ўртоқлари унинг бугунги ишни бирор кун ҳам эртага қолдирмаганини айтишган.


Умар Мухтор жиддийлик, истиқомат ва сабр билан машҳур бўлди. У ёшлигиданоқ ўз ахлоқи билан устозлари ва шериклари эътиборини қозонган эди. 


У ўзи яшаб турган муҳит ва шароитдан хабардор ҳамда бу доира аҳволи ҳақида етарлича билимга эга эди. Яна унинг қабилалар тарихига оид воқеа ва ҳодисалар ҳақидаги маълумоти, ҳамда насаблар ва қабилалар ўртасини бир-бирига боғлаб турувчи омиллар ҳақидаги маърифати анча юқори эди. У маҳаллий халқнинг тақлид ва одатларини ҳамда саҳройилар хусуматининг бостириш йўлларини, шароит тақозо қиладиган фикр ва назарияларни яхши билар эди. У саҳро йўлларини яхши ўрганди. Ташқи томондан Барқадан Миср ва Суданга борадиган йўлларни, ички томондан Жағбуб ва Кафрага борадиган йўлларни яхши билар эди. Яна у саҳрода ўсадиган ўсимликлар ва уларнинг доривор хусусиятларини яхши ўзлаштирди. У ҳар бир қабиланинг ўзига хос белгиларини ва улар ўз чорвалари йўқолмаслиги учун туя, қўй ва сигирларига қўядиган белгиларини ҳам яхши ўрганиб олган эди. Буларнинг ҳаммаси Умар Мухторнинг ёшликдан закий бўлганини англатади.


Умар Мухторнинг жисмоний сифати

Умар Мухтор сал узунга мойил, жисми озғин ҳам эмас, семиз ҳам эмас, ўртача эди. Овози дағалроқ бўлиб саҳро лаҳжасида гапирар эди. Иборалари очиқ-равшан бўлиб, суҳбатидан киши малолланмас эди. Гапирганда табассум қилиб турар ёки шароит тақозосига қараб енгил кулар эди. Соқоли кўп эди. Ёшликдан соқол қўйган эди. Унда виқор ва жиддийлик кўриниб турар эди. Ақл билан сўзлар, унда сабот намоён эди. Ушбу сифатлар ёши ўтгани сари мукаммаллашиб борди.


Умар Мухторнинг Қуръон тиловати ва ибодати

Умар Мухтор намозларни ўз вақтида адо қилишга ҳарис эди. Унинг Қуръондан кундалик тиловат вазифаси бор эди. Имом Муҳаммад Маҳдий ас-Сунусий унга вазифа қилгандан бери ҳар ҳафтада бир бор Қуръонни хатм қилар эди. Муҳаммад Тоййиб ал-Ашҳабнинг айтишича, Қуръонни вазифа олиши қуйидагича бўлган: "Умар Мухтор имом Муҳаммад Маҳдийнинг Кафра ва Судан ўртасидаги саҳро йўлида жойлашган маконига келиб, унинг ҳожиби Муҳаммад Ҳасан ал-Баскарийдан киришга изн сўради. Изн берилгач, кирди. Имом Маҳдий ёнида турган мусҳафни олиб Умарга берди ва "яна бирор истагинг борми? деб сўради. Умар: "Эй саййидим, дўстларимга муайян вирдларни вазифа қилган экансиз. Мен эса фақатгина намозлардан кейин айтиладиган одатий вирдларни айтиб юраман. Менга ҳам ўзингиз ҳоҳлаган бирор вазифа берсангиз" деди. Муҳаммад Маҳдий ҳазратлари унга: "Эй Умар, сенинг вирдинг Қуръондир", деди. Умар айтади:


"Мен у зотнинг қўлини ўпиб беназир совғасини (Қуръонни) олиб унинг ҳузуридан чиқдим. Аллоҳнинг фазли билан ушбу Қуръон сафарда ҳам, ватанда ҳам қўлимдан тушмаган. Доим мен билан биргадир. Мен уни ҳар куни тиловат қилар эдим. Кундалик вазифамга айлантириб олдим. Саййидим Аҳмад Рибфийдан эшитишимча, улуғ авлиёлардан баъзилари Қуръонни қуйидаги тариқада хатм қилар эканлар: аввал Фотиҳадан Моидагача, кейин Юнус сурасигача, кейин Исрогача, кейин Шуарогача, кейин Соффотгача, кейин Қофгача, кейин охиригача. Ўша кундан бошлаб мен қуръонни ана шу тариқада хатм қилиб келаман".


Қуръон тиловати ва ибодатга бардавомлик иймоннинг қувватига далолат қилади. Умар Мухтор зийнатланган буюк иймон сабабидан ундаги гўзал сифатлар балқиди. Унда омонат, шижоат, ростгўйлик, зулмга қарши кураш, қаҳр ва итоаткорлик сифатлари намоён эди. Бу иймон уни намозларни ўз вақтида адо қилишга ҳарис эканлигида тажаллий қилар эди. У Аллоҳнинг ибодатларини ўз вақтида, тезда адо қилишга ҳарис эди. Аллоҳ таоло айтади: "Албатта намоз мўъминларга вақтли фарз қилинди".


Бўш вақтларида нафл ибодатларни кўп қилар эди. Зуҳо намозини қолдирмас, доимо таҳоратли юрарди. У зот айтади: "Аллоҳ мени Сунусийлик тариқатига киришимни насиб қилганидан бери бирор-бир шайх билан таҳоратсиз учрашмаганман".


Бу солиҳ банда кундалик Қуръон тиловати, таҳажжуд намози каби руҳий озуқаси учун ғам чекар ва унга шаҳид бўлган кунигача риоя қилган эди. Умар Мухтор қўл остида курашган мужоҳидлардан Маҳмуд Жаҳмий Умар Мухтор билан бирга овқатланар, бирга ухлар эди. У устозини бундай эслайди: "Унинг субҳнинг охиригача ухлаганини бирор марта кўрмаганман. Кўп ухласа, икки ёки уч соат ухлар эди. Доим қуръон тиловат қилар эди. Ярим кечадан кейин обдастани олиб таҳоратини янгилар ва яна тиловатга берилар эди. У зуҳд ва тақво каби сифатлар билан хулқланган, буюк мужоҳидлар хислатлари ила музайян эди".


Устоз Муҳаммад Тоййиб ал-Ашҳаб айтади: "Мен уни яхши билар эдим. У билан доим бирга эдим. Мен унинг чодирида, ёнида ухлар эдим. Кечаси кўп ухлагани қўймас эди. Ҳар кечани Қуръон тиловат қилиб ўтказар, барвақт туриб бизни уйғотар, ҳаво совуқ бўлишига ва сафар машаққатларига қарамай таҳорат қилишга буюрар эди".


Умар Мухтор раҳматуллоҳи алайҳнинг умрининг охиригача саботли бўлиши сабабларидан бири доимий Қуръон тиловатида бўлганидир. У Қуръон билан ибодат қилар, унинг аҳкомларига амал қилар эди. Чунки Қуръони карим ҳидоят ва сабот манбаидир. Зеро, унда набийлар ва қавмлари ҳақидаги қиссалар, солиҳлар зикри ва оқибати, кофирлар ва инкор қилувчиларнинг ҳалокати турли услуб билан ёритилган. Аллоҳ Умар Мухторни сабот ва рушд билан ризқлантирди. У охирги нафасигача тиловат қилди. 


Умар Мухторнинг шижоати ва карами

Бу сифат Умар Мухторнинг ёшлигидан намоён эди. 1894 йилда Умар Мухтор Суданга сафар қилади. У билан бир қанча дўстлари ҳамсафар эдилар. Кафрада гуруҳ йўлда Забва ва Мужбира қабилаларидан иборат карвонни ва Суданга сафар қилмоқчи бўлиб турган Тароблус ва Бенғозийлик бошқа савдогарларни учратди. Гуруҳ ана шу савдогарлар карвонига қўшилиб олди. Зеро улар саҳро йўлларини яхши билишар, тажрибалари кўпроқ эди. Карвон саҳронинг ўртасига Суданга яқин жойга етгач, баъзи савдогарлар "Бу ердан ўтмаймиз. Қайтайлик, бошқа йўлдан кетамиз. Ҳозир шу йўлдан борсак, олдимизда карвонларга ҳужум қилишга одатланган шер бор. Унинг ҳужумига учраймиз", дейишди.


Бу ердан ўтадиган карвонлар тинч қўйиши учун шерга битта туя қолдириб кетишни одат қилишган экан. Гапираётган киши бу туянинг қийматини барчага тенг тақсимланишини айтди. Умар Мухтор раҳимаҳуллоҳ буни кескин рад қилди: "Бизда заифлар кучлиларга беҳуда тўлайдиган солиқлар йўқ бўлди. Қанақа қилиб бир ҳайвонга тўлашимиз мумкин?! Бу хорлик белгисидир. Агар шер йўлимиздан чиқса, унга қуролларимиз билан қарши чиқамиз".


Ҳамроҳларидан бири уни бу йўлдан қайтармоқчи бўлди. Аммо у рад қилиб шундай деди: "Мен такррор айтаман, “йўлимдан чиққан ҳайвонга туямни бериб келдим” дейишга ор қиламан! Мен ўзимни ҳимоя қилишга тайёрман. Ҳар бирингиз бошлиқсиз ва ҳар бирингиз қўл остингиздагилардан сўраласиз. Сиз қилаётган иш ёмон одатдир. Уни йўқ қилиш лозим".


Карвон маълум жойдан ўтаётганида шер яшириниб ётган еридан чиқиб, улар томон кела бошлади. Шунда савдогарлардан бири бу даҳшатли ҳодисани кўриб оёқлари қалтираб, деди: "Мен туяларимнинг биридан воз кечаман. Шер билан олишманглар".


Умар Мухтор юнонча милтиғини олиб, шерни мўлжаллаб отди. Ўқ шерга тегди. Аммо у ўлмади, карвон томон югурди. Умар Мухтор иккинчи марта отиб шерни қулатди. Кейин карвондагиларга кўрсатиш учун унинг терисини шилиб олди. Бу ҳодиса кейинчалик кўп мажлисларда ҳайрат билан эсланадиган бўлди. Устоз Муҳаммад Тоййиб ал-Ашҳаб Умар Мухторнинг ўзидан лашкаргоҳлардан бирида бу воқеа ҳақида сўраганида Умар Мухтор шундай деган экан: "Эй ўғлим, бир ҳайвонни ўлдирганим билан фахрланишимни хоҳлайсанми? Қадимда бир аъробий шерни ўлдирган рақибига: "Ҳашаротни ўлдирганинг билан менга фахрланасанми? деган экан".


Сўнгра Умар Мухтор Аллоҳ таолонинг: "Отганингда сен отмадинг, балки Аллоҳ отди" деган оятини ўқиди. Умар Мухторнинг бу оят билан жавоб беришига сабаб у иймон ва тавҳид аҳлининг нафс насибасидан халос бўлиб, барча фазилатни Аллоҳ таолога нисбат беришларини яхши билар эди. У Қуръондан Аллоҳнинг набийси Юсуф алайҳис саломнинг дуоларини кўп марта ўқиган эди: "Эй Роббим, ҳақиқатда менга мулк бердинг ва менга тушларнинг таъбирини ўргатдинг. Эй осмонлар-у ерни яратган зот! Сен дунё-ю охиратда менинг валиййимсан. Мени мусулмон ҳолимда вафот эттиргин ва солиҳларга қўшгин".


Умар Мухтор бу хулқни Зулқарнайннинг сийратидан ўрганган эди. Бу нарса барча етакчи-лидер шахсларда бўлиши шартдир. Искандар Зулқарнайн тўғонни бино қилиб, зулмни тўсиб, заифларга ёрдам бергач, барча фазилатни Аллоҳга нисбат берган эди: "Бу Роббим (томони)дан раҳматдир".


Умар Мухторнинг қалби доим Аллоҳга боғлиқ эди. Уни ғалаба маст қила олмас эди. Унинг шижоати Чад юртида французларга қарши қилган жиҳодида намоён бўлган эди. Кейинчалик Ливияда итальянларга қарши курашида намоён бўлди. Италия томони Умар Мухтор билан сулҳ тузиш ва урушни тўхтатиш учун Шариф Ғирбонийни воситачи қилди. Умар Мухторнинг Шариф Ғирбонийга ёзган рад жавоби тарих зарварақларига муҳрланган. Унда шундай дейилганди:


"Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аллоҳга ҳамд, "жаннат қиличлар сояси остидадир", деган Аллоҳнинг расулига саловотдан сўнг биродаримиз, саййидимиз Шариф ибн Аҳмад Ғирбоний ҳафизаҳуллоҳга. Сизга шуни маълум қиламизки, Италия, агар ўзи ва биз учун муҳим деб билган бирор-бир мавзуда биз билан баҳс қилмоқчи бўлса, у бу ишнинг соҳиби ва мавлоси саййидим Муҳаммад Идрис ибн Саййид Муҳаммад Маҳдий ибн Саййид Муҳаммад Сунусий билан боғланиши лозим. Фақатгина у зот улар билан баҳс қилиш ёки қилмасликни ҳал қилади. Сиз буни яхши биласиз. Саййидим Идриснинг макони, сизга маълумки, Мисрдадир. Мен ва бошқа мужоҳидлар унинг аскарларимиз. Унинг буйруғига хилоф қилмаймиз. Аллоҳдан унга хилоф қилишимизни тақдир қилмаслигини умид қиламиз. Аксинча бўлса, ўзимиз тушишни ҳоҳламаган жойга тушган бўламиз. Аллоҳ бизни ва сизни тойилишдан асрасин. Биз фақат Аллоҳнинг душманлари, ватан душманлари ва ўзимизнинг душманимиз билан курашмоқчимиз. Бизнинг қўлимизда ҳеч қандай ихтиёр йўқ. Агар саййидимиз ва валийнеъматимиз урушни тўхтатишга амр қилсалар, уни тўхтатамиз. Агар бунга амр қилмасалар, нимага буюрсалар шу узра турамиз. Душманнинг самолётлари, замбараклари, танклари, итальян, ҳабаш ва Ливиялик аскарларидан қўрқмаймиз. Биз уларнинг қудуқларимизни ва яйловларимизни захарлашларидан қўрқмаймиз. Биз Аллоҳнинг лашкарларимиз. Аллоҳнинг лашкарлари эса ғолибдир. Биз сизга насронийлар берадиган нарсани ҳоҳламаймиз. Сиз ҳақингизда яхши гумондамиз. Аллоҳ биз ва сизни тўғри йўлга муваффақ қилиб, унга ҳидоят қилсин. Мусулмонлар хизмати ва саййидимиз ризосини насиб қилсин. Исломнинг саломи исломга эргашганларгадир".


УМАР МУХТОРНИНГ БОСҚИНЧИЛАРГА ҚАРШИ КУРАШИ

Умар Мухтор итальян босқинчиларига қарши курашни бошлар экан, энди ўзини Қуръон муаллимидан ватанини ва Аллоҳнинг динини ҳимоя қиладиган, босқинчиларни қувишни мақсад қилган мужоҳидга айланган инсон ҳис қилар эди. Чадда французларга қарши жанг қилганида саҳрода уруш қилиш ҳадисини олган, кучли тажрибага эга бўлган Умар Мухтор саҳро жуғрофиясини яхши билар эди. Мана шу тажрибаларини итальянларга қарши курашганида ишга солди. Бунинг акси ўлароқ итальянлар саҳрони тушунишмас эди.


Умар Мухтор ўз қўшини билан итальянларнинг отрядларига тез ҳужум қилиб яна саҳро бағрига сингиб кетар эди. Улар саҳро атрофларида жойлашган ҳарбий масканларга ҳужум қилишар, уларга келадиган йўлларни узиб қўйишар, ёрдамларни тўхтатиб қўйишар эди. Бу нарса бир неча бор Италия қўшини масъулларини ҳайрон қолдирган эди. Ҳарбий тажрибага эга бўлмаган бадавийлар қўзғолонини бостира олишмагани учун Италия давлати жамоатчилиги олдида мушкул аҳволда қолган эди.


Итальянларга қарши кураш

1911 йилда Италия Усмонийларга қарши уруш эълон қилди. Италия ўз қўшинларини Бенғозий шаҳри соҳилларига туширишни бошлади. Бу ҳижрий 1329 йилга тўғри келади. Бу пайтда Умар Мухтор саҳронинг қалби бўлмиш Кафра шаҳрида Сунусий тариқати машойихлари зиёратида эди. У ердан қайтишда Жолу воҳаси йўли билан қайтди. Ана шу аснода итальянларнинг бостириб киргани ҳақидаги хабарни эшитди. Дарҳол “Ал-Қусур” хонақосига келди. Аввалбошда Харуба минтақасида хос ҳарбий қароргоҳ ташкил қилди. У ернинг аҳли бўлмиш “Қуллар” қабиласидан итальянларга қарши 1000 та жангчини сафарбар қилди. Сўнгра у ердан Ражмага кўчди. У ерда ўз қўшини билан Усмонийлар қўшинига қўшилди. Сўнгра бу ердан 20 км узоқликда жойлашган Бенғозий жанубидаги Банина шаҳрига боришди. У ерда буларга жуда кўп жангчилар қўшилди. Ҳарбий қароргоҳ улар учун пойдевор бўлди. Ўша ердан чиқиб вақти-вақти билан итальянларга ҳужум қилиб туришди. 


Саловий жангида ливиялик жангчилар экин даласига яширинишди. Бирдан итальянлар ҳужумни бошлашди. Далада бир чуқур бор эди. Ливиялик жангчилар Умар Мухторга ўқдан сақланиши учун ўша чуқурга тушиб олишини айтишди. Умар Мухтор буни қатъий рад қилди. Аммо жангчилар уни чуқурга итариб туширишди. Жанг мобайнида бир неча бор чиқишга ҳаракат қилди, аммо жангчилари уни мажбурлаб чуқурда ушлаб туришди. 


1912 йилда Болқон уруши бошланди. Усмонийлар Италия билан сулҳ қилишга мажбур бўлди. Ноябрь ойида сулҳ шартномасини Лозаннада имзолашди. Бунинг натижаси ўлароқ Усмонийлар қўшини қўмондони Азизбек Мисрий Истанбулга кетишга мажбур бўлди. Ўзи билан Барқадаги 400 нафар Усмонийлар қўшинини ҳам олиб кетди. Бу нарса жангчиларни ғазабини қўзғади. Улар Усмоний қўшинидан ҳеч бўлмаса қуролларини ташлаб кетишни сўрашди. Бу нарса сулҳнинг шартига хилоф эди. Шунинг учун улар бунга кўнишмади. Ўртада уруш чиқди. Икки томондан ҳам кишилар ўлди. Ўртани ислоҳ қилиш учун Умар Мухторга одам юборишди. Умар келиб кишиларни Усмонийлар билан жанг қилмасликка кўндирди. 


1913 йил 6 май жума кунида икки кун қаттиқ жанг бўлди. Бунда итальянлардан 70 киши қатл қилинди, 400 киши ярадор бўлди. Шу йилнинг 6 октябрида Айни Морра минтасида “Бу Шимол” жанги бўлиб ўтди. 1914 йилнинг февраль ойида Умму Шахнаб, Шулзима ва Зувайтина жанглари бўлиб ўтди. Умар Мухтор итальянларга ҳужуми асносида “Ал-Қусур” хонақоси ва Такнис минтақалари орасида кўчиб юрди. Сўнгра бу минтақалар итальянларга ўтди. Умар Мухтор сўнгра “Абийд” тоғидаги қароргоҳга кўчди. Ўша ердан Дафна минтақасидаги қабилалар билан алоқа қилиб турди. 1913 йилдан 1915 йилгача қаҳатчилик бўлди. Шу сабабли уруш орқага кетди. Итальянлар 1914 йил июль ойида Барқанинг марказий ва шимолий минтақаларини эгаллашди. Аҳмад Шариф Сунусий Мисрда британияликларга ҳужум бошлаганида 1915 йилда чегарани кесиб ўтди. Умар Мухтор унга қўшилди. Сўнгра кейинроқ Ливияга қайтиб Идрис Сунусийга итальянларга қарши курашида ёрдам бера бошлади.


1916 йилнинг ёзида Аҳмад Шарифнинг Барқадаги ноиби ҳисобланмиш Идрис Сунусий Умар Мухторни Холид Ҳимарий ва Иброҳим Мисротий билан биргаликда Усмонийларнинг Барқадаги вакили бўлмиш Нурий Пошонинг олдига боришга ва уларни Мисрдаги инглизларга қилаётган ҳужумини тўхтатишга чақиришни талаб қилди. Бу Нурий Пошони безовта қилди. Аждобияда Идрис Сунусий Нурий Пошонинг илтимосларига қарамасдан қарорини ўзгартиришдан бош тортди. Шу орада шаҳарга итальян ва инглиз делегацияси келди. Улар Зувайтинада Идрис Сунусий билан учрашишди. Улар Идрис Сунусий билан Мисрдаги инглизларга қарши курашаётганлардан ҳужумни тўхтатиб туришларини, Барқада ҳам итальянларга қарши ҳужумларни тўхтатиб туришларини сўраб музокара олиб боришди. Идрис Сунусий бу таклифга рози бўлиб, тинчликка мойил бўлди ҳамда Зувайтина шартномасига имзо чекди.


Бу нарса кейинчалик Ливияда бўлиб ўтган барча жангларда ўз таъсирини кўрсатди. Бунинг натижасида Нурий Пошо Мисротага кетиб қайта жангларни бошлади.


1923 йилнинг январь ойида пойтахт Тараблус итальянлар қўлига ўтгач, Муҳаммад Идрис ҳам Мисрга кўчишга мажбур бўлди. Умар Мухтор эса Мисрдан Барқадаги жангчиларга қўмондон ўлароқ қайтиб келди. У “Ахзар” тоғи аҳолисини жангга, итальянларга қарши курашга даъват қилди, уларни урушга шижоатлантирди. Кишилар турли қабилалардан кўнгилли равишда итальянларга қарши курашда Умар Мухторнинг атрофига жамлана бошлашди. Умар Мухтор партизанлик жангини олиб борди. У билан 100 кишидан 300 кишигача жангчи тўсатдан қилинадиган ҳужумларда иштирок қилар, сўнгра яна тезда кўздан ғойиб бўлишар эди. Бу жанглар Умар Мухтор билан итальянлар ўртасида даҳшатли жанглар келиб чиқишига сабаб бўлди. 


МИСРГА САФАР

1923 йил март ойида Умар Мухтор Али Пошо билан биргаликда Мисрга сафар қилди. Мақсад Амир Идрис Сунусийга ишларнинг натижаси ҳақида ҳисобот бериб, ундан янги кўрсатмалар олиш эди.


Италия Мисрдаги агентлари воситасида Умар Мухтор билан боғланиб, агар у урушмасдан Бенғозийдаги ёки Марждаги уйида ўтирса, Италиянинг эътибори ва меҳри остида бўлишини, расмий Рим Умар Мухторни Ливиянинг энг нуфузли шахси сифатида тан олишини, агар Мисрда қолса, қочоқ сифатида Идрис Сунусий билан алоқасини узган ҳолатда яшаши мумкинлигини, Италия ҳукумати унга тўкинликда яшаши учун етиб ортадиган маош беришини, бунинг учун Умар Мухтор халқни Италияга қарши чиқишдан қайтариши кераклигини айтишди. Италия ҳукумати Умар Мухторга бу таклифни Мисрдан чиқиб Барқага келгунича бир неча марта айтди. Аммо Умар Мухтор ҳар сафар таклифни рад қилиб, улар билан урушаверишини айтди.


1923-1928 ЙИЛЛАР ОРАСИ

1923 йилда Италиянинг Ливияси нисбатан тинч яшади. Италия ҳукумати Ливияга нисбатан сиёсатини ўзгартиришга қарор қилди. Энди Сунусийлар ҳаракати билан муроса қилиш ва ўзаро бир-бирини тушуниш сиёсатидан воз кечиб уруш, куч билан бўйсундириш йўлини танлади. Олдинги барча келишувларни бекор қилди. Ёппасига ҳужум бошлади. “Ахзар тоғи”да қақшатқич жанглар бўлиб ўтди. Келаси йили яна ҳам қаттиқроқ жанглар бўлди. 1924-1925 йиллар ораси ливиялик мужоҳидлар ва  италиялик босқинчилар орасидаги қонли тўқнашувларга тўла бўлди. Ливиялик мужоҳидлар аксар ҳаракатларини тоғли ҳудудларда олиб боришди. Қўмондон Умар Мухторнинг номи ҳар томонга тарқалди. Саҳро фарзандлари унинг лашкарлари сафига қўшила борди. Кўп қабилалар уларга озиқ-овқат ва қуролдан ёрдам бериб туришди. “Бароғис” қароргоҳи асосий ҳарбий қароргоҳ бўлиб, Умар Мухтор шу ерда турар эди.  Умар Мухторни раис ноиби дейишар эди. Олий машварат мажлисини доимо Умар Мухтор олиб борар эди. Ўзи истаган шайхларни, қабилалар катталарини машваратга қўшар эди. Уларда ўзини кўрсатган аскарларни тақдирлайдиган, ҳарбий унвон ва мукофотлар ҳам таъйин қилинган эди. 

  

Италия армияси бор эътиборини Барқа шаҳрига қаратди. Аждобияга қўшин киритганидан то 1927 йилгача уринишлари бекор кетди. Умар Мухтор олиб борилаётган жангларни шахсан ўзи ташкиллаштирар, ўзи бошқарар эди. 1927 йилда Италиянинг Барқадаги армияси қўмондони ўзгарди. Айнан мана шу йили ғарбий Тараблусдан Рудольфо Грациани бошчилигидаги қўшинлар келди. Грациани Жифра воҳаси билан Физаннинг аксар қисмини ишғол қилди. Италия ҳукумати урушдан бошқа ҳолатлар учун ҳам катта маблағ тўкди. Қабила раисларига урушни тўхтатишлари учун катта-катта пуллар ваъда қила бошлади. Бу чора яхши самара берди. Бунинг натижаси ўлароқ улар Жуғбубни, Марадани, Жолуни, Авжалани қўлга киритишди.  


Юқоридаги жойларнинг эгалланиши Умар Мухторни Ахзар тоғида ёлғизлатиб қўйди.  Аммо Умар Мухтор Дирна ва унинг атрофларида ҳужумлар уюштириб турди. Бу билан итальянларни армиясини урушга мажбур қилди. Икки кун қаттиқ урушишди. Умар Мухтор ғолиб бўлди. Итальянлар бир неча машинани, тўпларни ва ўқ-дориларни ташлаб қочиб қолишди.


Умар Мухтор 22 йил итальянлар билан жанг қилди. Бу жанг унинг қўлга олиниб, дорга осилиши билан якунланди.


Умар Мухторнинг қатл қилиниши

1931 йилнинг 16 сентябрь чоршанба куни эрталаб соат тўққизда итальянлар Бенғозий шаҳри жанубида мужоҳидлар шайхи, зангори тоғлар арслони Умар Мухторни узоқ йиллик аламли курашдан сўнг дорга осиб ўлдиришди. Итальянлар табиатидаги разиллик уларни халқлар тарихи гувоҳи бўлмаган ишни қилишга мажбурлади. Улар ўлим жазоси ижросини кўриш учун жуда катта оломон йиғишди. Бенғозий аҳолисини ва бошқа томондагиларни ўлим жазосини кўриш учун келишга мажбурлашди. Грациани таъбири билан айтганда, йигирма мингдан кам одам жамланмаган. Доктор Анизий айтади: "Итальянлар аҳолини ва ҳарбий лагерлардаги асирларни ҳамда Бенғозийга келиб қолганларни дор қурилган майдонга келишга мажбурлашди. Мен ҳам ўшалар ичида эдим. Аммо мени жуда қаттиқ маҳзунлик эгаллади. Қаҳрамон мужоҳидни дор остида кўришга тоқатим етмас эди. Касал бўлиб қолдим. Итальянлар менинг касаллигимга аниқ ишонишганидан кейингина бормаслигимга рухсат беришди".


Майдонга ҳайдаб келинган оломон Умар Мухтор раҳматуллоҳи алайҳ олиб келинаётган пайтда унга боқиб турар эди. У қўллари темир кишанлар билан кишанланган ҳолда, собит қадамлар билан, юзида эса табассум порлаган ҳолатда дор остига келар эди. Бу табассум ватан ўғлонларига унинг охирги саломи эди. Келаётиб оғзидан шаҳодат калимаси тушмади. Буюк шайхнинг юзи шаҳодат башорати ва Аллоҳнинг қазои қадарига розилик роҳатидан ял-ял ёнар эди. Уни дор остига олиб келишлари билан осмонда самолётлар пайдо бўлиб, дор устида айланиб пастлаб уча бошлади. Мақсад Умар Мухтор агар бирор нарса гапирса, уни халққа эшиттирмаслик эди. 


Умар Мухтор дор остига сабот ва хотиржамлик билан чиқди. Унга яқин турган баъзиларнинг айтишича, у дор айвонига чиқаётиб, паст овозда азон айтган экан. Унга яқин турган ливиялик амалдорлардан бирининг айтишича, жаллод унинг бўйнига арқонни солганида у Фажр сурасининг 27–28-оятларини ўқиган: "Эй хотиржам нафс! Роббингга сен Ундан, У сендан рози бўлган ҳолингда қайт!" Шу ерда жаллод зулм арқонини ишга туширди. Унинг покиза руҳи Роббиси томон рози бўлган ва рози бўлинган ҳолда йўл олди.


Аллоҳ таоло улуғ шайх Умар Мухторнинг дуосини қабул қилиб унинг ўлимини ақидаси, дини ва ватани йўлида қилди. Зеро у доим: "Эй Роббим! Менинг ўлимимни шу муборак масала (ватан, дин ва ақида) йўлида қилгин", деб дуо қилар эди.


Аллоҳ буюк шайх, мужоҳид, саҳро арслони Умар Мухторни ўз раҳматига олган бўлсин!

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.